Ёшлар – келажак бунёдкори. Муҳим вазифа
2026-04-07 23:00:00 / Янгиликлар

Қайнона билан келин ўртасидаги келишмовчилик «Соҳил» маҳалласидаги барча шароитлар етарли, тўкин-сочин ҳаёт кечириб келган оиланинг тотувлигига рахна солди. Она ёлғиз ўғлини ёш келинидан қизғаниб, унинг ҳар бир ҳаракатидан хатолик қидириб келган.
Боёвут тумани ИИБ ҲПБ ХҚМБ катта инспектори, лейтенант Барно Каримова низони бартараф этиш учун психолог ва маҳалланинг бир неча кайвони аёлларини ҳам таклиф қилди. Қарийб уч соатлик профилактик суҳбат натижасида «музлар эриди», жанжал пасайди.
Аммо Барно шу билан чекланиб қолмади, икки ой давомида мунтазам равишда хонадонда бўлиб, оиладаги муносабатларни соғломлаштиришга кўмаклашди. Шу тариқа узоқ вақтдан бери давом этган нотинчликка барҳам берилди.
«Бекат» маҳалласидаги ҳолат эса янада мураккаб бўлиб чиқди. Қирқ ёшдаги эркак турмуш ўртоғини таҳқирлагани ҳақида хабар келди. Барно Каримова ҳудудий профилактика инспектори билан бирга хонадонга борди.
Маълум бўлишича, фарзандлар аллақачон вояга етган эди. Эр-хотин ўртасида узоқ йиллардан буён доимий равишда низолар содир бўлиб турган. Бу сафар эр ўзини назорат қилолмай, идиш-товоқларни синдирган, ҳатто хотинини уйдан ҳайдаб чиқармоқчи бўлган.
Зудлик билан аёлга ҳимоя ордери берилди, эркакка нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси тузилди. Ҳар иккиси билан профилактик суҳбат ўтказилди. Шунингдек, оила нотинч оилалар рўйхатига киритилди.
Ёш лейтенант оилавий низоларни бартараф этишдан ташқари, тез-тез таълим муассасаларида ўқувчи қизлар билан профилактик тадбирлар ташкил қилади. У спорт мусобақалари ва маърифий тадбирлар орқали ёш авлодни тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратади.
Лавҳамиз қаҳрамонининг фикрича, жамиятда тинчлик-осойишталик нафақат қонун ёрдамида, балки ҳар бир инсоннинг маънавий ва ахлоқий камолоти орқали ҳам таъминланади.
Барно Каримова ҳар бир профилактик тадбир, ҳар бир оилавий муҳокама орқали ўзининг зиммасидаги масъулиятли, муҳим вазифани адо этади.
Бу вазифа жамиятда тинчлик-осойишталик, оилада меҳр-оқибат ва хотин-қизларнинг қалбида ҳаётидан мамнунликни сақлашдан иборат.
©️ «Postda» газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
