Ички ишлар органларида аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янги тизимини шакллантиришга қаратилган махсус ўқув курси бошланди
2026-04-06 23:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ички ишлар органлари ходимлари учун «Аҳоли муаммоларини манзилли ҳал қилишда профессионал компетенцияларни ривожлантириш» мавзусида 3 кунлик махсус ўқув курси ўз ишини бошлади.
Мазкур ўқув курси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уни тубдан такомиллаштириш ҳамда жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилишга қаратилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Академия масъуллари иштирок этиб, аҳоли мурожаатлари билан ишлашни давлат бошқарувининг устувор йўналиши сифатида ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Ўқув дастури доирасида ички ишлар органлари фаолиятида реактив ёндашувдан проактив бошқарув моделига ўтиш, яъни муаммоларни келиб чиқишидан олдин аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш механизмларини жорий этишга алоҳида урғу берилмоқда.
Курснинг асосий мақсади – ички ишлар органлари ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш билан бир қаторда, фуқаролар билан самарали мулоқот ўрнатиш, мурожаатларни тизимли ҳал қилиш, вазиятни тез ва холис баҳолаш ҳамда асосли қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантиришдан иборат.
Шунингдек, ўқув жараёнида иштирокчиларнинг:
– коррупцияга қарши иммунитети,
– маънавий-ахлоқий барқарорлиги,
– мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги,
– хизмат фаолиятидаги шахсий масъулияти,
– таҳлилий ва стратегик фикрлаш қобилияти каби муҳим компетенциялари комплекс баҳоланиб, уларни ривожлантириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Алоҳида эътибор фуқаролар билан мулоқот маданиятига қаратилмоқда. Хусусан, ходимларнинг хушмуомалалиги, инсон қадрини устувор қўйиши, ҳар бир мурожаатга ҳурмат билан ёндашиши, очиқ ва самарали мулоқот олиб бориши бўйича амалий кўникмалар шакллантирилмоқда. Бу эса аҳоли билан ишлашда ишончли ва адолатли муносабатларни таъминлашга хизмат қилади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув курси доирасида Ички ишлар вазирлиги тизимида жорий этилган комплаенс ва ички назорат механизмларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, хизмат фаолиятида ҳалоллик, қонунийлик ва шахсий масъулият тамойилларини таъминлаш, шунингдек, ички коррупциянинг олдини олиш масалалари тизимнинг устувор йўналиши сифатида белгилангани иштирокчиларга атрофлича тушунтирилмоқда.
Бугунги кунда комплаенс тизими Ички ишлар органларида фақат назорат механизми эмас, балки ҳар бир ходимнинг хизмат фаолиятидаги аниқ “қизил чизиғи” сифатида шакллантирилмоқда. У орқали ҳуқуқбузарликларни содир этилгандан кейин аниқлаш эмас, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ёндашувлар жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, комплаенс тизими доирасида ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хизмат жараёнида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни камайтириш ҳамда шаффоф ва адолатли муҳитни таъминлаш механизмлари ҳам изчил ривожлантирилмоқда.
Бу эса Ички ишлар органларида “жазолаш эмас – олдини олиш ва ҳимоя қилиш” тамойилига асосланган янги хизмат маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Дастур доирасида Сенат, суд, прокуратура, коррупцияга қарши курашиш органлари ҳамда бошқа давлат идоралари раҳбарлари ва соҳавий экспертлар иштирокида долзарб масалалар муҳокама қилиниб, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, қонунийликни таъминлаш ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ёндашувлар шакллантирилмоқда.
Амалий жиҳатдан, ўқув курси доирасида:
– реал кейслар асосида симуляцион машғулотлар,
– индивидуал ва гуруҳли таҳлиллар,
– компетенцияларга асосланган баҳолаш тизими (ассесмент) жорий этилган бўлиб, бу ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятида аниқ натижага йўналтирилган ёндашувни кучайтиришга хизмат қилади.
Мазкур махсус ўқув курси ички ишлар органларида аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янги, самарали ва натижадор моделини шакллантириш, шунингдек, тизимнинг очиқлиги, ҳисобдорлиги ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

