Йўл бошида. Адашган кўнгиллар чироғи
2026-04-06 07:20:00 / Янгиликлар

Ҳаёт йўли ҳар доим ҳам текис ва равон бўлавермайди. Айниқса, оқ-қорани таниш ёшидаги ўсмирлар учун гоҳида ҳиссиётлар тўлқини, гоҳида эса тажрибасизлик панд бериши бор гап. Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ташкил этилган навбатдаги профилактик тадбир ана шундай адашган кўнгилларга йўл кўрсатиш мақсадида ўтказилди.
Тадбирнинг энг самимий дақиқалари марказ бошлиғи, подполковник Нигора Қайимова ва ёшлар ўртасидаги очиқ мулоқотда намоён бўлди. Марказ раҳбари ёшларнинг ҳар бир гапини диққат билан тингларкан, қонунларга риоя қилиш шунчаки мажбурият эмас, балки ўзлигини асраб қолиш эканлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтирди.
- «Ҳар бир ёш — бир олам. Уларнинг хатоси жамиятнинг оғриғи, муваффақияти эса умумий ғалаба», деган тамойил асосида ҳар бир иштирокчига индивидуал ёндашилди, — дейди марказ раҳбари, подполковник Нигора Қайимова. — Уларнинг муаммолари, қизиқишлари ва орзулари ўрганилиб, келажакда жамиятда муносиб ўрин топишлари учун зарур тавсиялар берилди.
Инсоннинг хулқ-атвори унинг ички олами билан чамбарчас боғлиқ. Шуни ҳисобга олган ҳолда, тадбирга Наманган шаҳар мактаб ва мактабгача таълим бўлимининг малакали психологлари жалб этилди. Мутахассислар ёшлар билан гуруҳли ва якка тартибда ишлаш орқали уларнинг яширин кечинмаларини ўрганишди.
Айниқса, «Оила» ва «Мен ёқтирган ранг» методикалари асосидаги машғулотлар ёшларнинг ҳиссий ҳолатини таҳлил қилишда қўл келди. Ранглар орқали ўзини ифода этган ўсмирлар ичидаги агрессия ва стрессдан халос бўлиш йўлларини ўрганишди. Бу нафақат профилактика, балки руҳий қайта тикланиш жараёни бўлди.
Марказ ходимлари томонидан ёшларнинг хонадонларига борилиб, яшаш шарт-шароитлари, оилавий муҳити ва энг муҳими, мактаб дарсларига қатнашиш ҳолати доимий ўрганилмоқда.
Олдинда янада муҳим режалар турибди: ота-оналар билан ҳамкорлик, ҳуқуқий семинарлар ва мунтазам тренинглар. Мақсад эса битта -ёшларни ҳуқуқбузарлик кўчасидан узоқ тутиш ва баркамол шахс сифатида вояга етказиш.
Бугун берилган тўғри тарбия ва кўрсатилган меҳр-шафқат эртага минглаб ёшларнинг тақдирини ижобий томонга ўзгартириши мумкин. Ушбу амалий ҳаракатлар айнан ана шу олижаноб мақсадга хизмат қилмоқда.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ, ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
