Юртимизнинг узоқ туманларида хавфсизликни таъминлаш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида Сариосиё тумани Ички ишлар бўлимининг янги замонавий биноси фойдаланишга топширилди
2026-04-06 07:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг ички ишлар тизимини модернизация қилиш, ходимлар учун муносиб хизмат шароитларини яратиш борасида кўрсатаётган эътибори натижасида энг чекка ҳудудларда ҳам янги-янги бинолар қад кўтариб, замонавий имкониятлар яратилмоқда.
Бугун Сариосиё тумани марказида 50 сотихли майдонда Ички ишлар бўлимининг янги биноси барпо этилиб фойдаланишга топширилди. Бинонинг тантанали очилиш маросимида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, Сариосиё тумани ҳокими, ички ишлар органлари ходимлари, соҳа фахрийлари ва нуронийлар иштирок этишди.
Ички ишлар вазири замонавий талабларга жавоб берадиган, ходимларнинг жисмоний ва маънавий юксалишлари ва туман аҳолисининг хавфсизлиги ҳамда фаровонлиги учун хизмат қиладиган ушбу бино Президентимизнинг соҳага қаратаётган эътиборларининг яна бир ўзига хос кўриниши эканлигини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, янги бинода зарурий барча техник воситалар билан жиҳозланган хизмат хоналари билан бир қаторда, ходимларнинг саломатлиги ва жисмоний тайёргарлиги учун мўлжалланган спорт ва «Workout» майдончаларида барча қулайликлар яратилган.
Эътиборли жиҳати туман ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар хизмат қилган ходимлар учун алоҳида «Фахрийлар хонаси» ташкил этилганлиги тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди.
Ички ишлар вазири томонидан ходимларга яратилган шароитлар ўрганилиб, масъулларга аҳоли мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш, бинога ташриф буюрган ҳар бир юртдошимиз учун зарурий қулайликларни ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Янги Ўзбекистонда халқ манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар давомийлигининг яна бир исботи бўлган бинода ички ишлар бўлими ходимлари ўз бурчларига садоқат билан замонавий шароитларда хизматни давом эттиришади.









