Сирдарёда «Сурхондарё тажрибаси» асосида янги амалиёт жорий этилмоқда
2026-04-05 11:50:00 / Янгиликлар

Жиноят ишларини тамомлашда процессуал муддатларни белгилаш бўйича янги амалиётни жорий этишга қаратилган қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник М.А. Саттаров раҳбарлигида Сирдарё вилояти ИИБ ҳамда барча шаҳар-туман ички ишлар бўлимларида семинар машғулотлари ўтказилмоқда.
Унга кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ишларини қисқа муддатларда тамомлашга қаратилган «Сурхондарё тажрибаси»ни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, мазкур амалиётнинг ўзига хос жиҳатлари, терговга қадар текширувни ҳар томонлама тўлиқ ва сифатли ўтказиш, жиноят ишларини тамомлашда «ярашув» ва «айбига иқрорлик тўғрисида келишув» институтларини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш бўйича тушунтиришлар берилди.
Ушбу чора-тадбирлар жиноят ишларини самарали, тезкор ва қонун талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда тамомлашга, энг асосийси, процесс иштирокчиларини ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик ва оворагарчиликни олдини олишга хизмат қилади.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









