“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик ойлиги давомида Тошкент вилояти ИИББнинг барча соҳавий хизматлари томонидан амалга оширилган ишлар рақамларда
2026-04-05 09:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли фармойишига мувофиқ, Республика бўйича, жумладан Тошкент вилоятида ҳам жорий йилнинг 1 мартидан 1 апрелига қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи амалга оширилди.
Тадбирлар давомида ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Жумладан, бир ой давомида Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи бўлинмалари томонидан 3 600 дан ортиқ тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида турли йўналишдаги 314 та жиноят фош этилди. Шундан 115 таси аввалги йилларда содир этилган жиноятларга тўғри келади. Бу эса ушбу йўналишда тизимли ишлар изчил давом эттирилаётганини кўрсатмоқда.
Қидирув тадбирлари давомида суд ва тергов органларидан яширинган 92 нафар шахс ушланиб, 97 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилди ва оиласига қайтарилди.
Гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида 402 та ҳолат аниқланиб, тадбирлар давомида 23,6 кг гиёҳвандлик воситалари ҳамда 40 244 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан олинди. Шунингдек, 17 нафар “закладчик” ушланиб, 3 708 дона “закладка” мусодара қилинди.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш доирасида 282 та ҳолат аниқланиб, ноқонуний сақланаётган қурол-яроғлар тегишли тартибда олиб қўйилди. Хусусан, 13 дона ов қуроли, 18 дона пневматик қурол, 427 дона ўқ-дори ҳамда 585 дона совуқ қуроллар (бита, кастет ва турли хил пичоқлар) мусодара қилинди.
Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида 2 272 та ҳолат аниқланган бўлса, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш доирасида 362 та ҳолат фош этилди.
Умуман олганда, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбирининг биринчи босқичи ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Профилактика ва тезкор чораларни самарали қўллаш жиноятларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати








