Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси “Туркий Суд Экспертиза Тармоғи тўғрисидаги англашув меморандуми”ни имзолаш тадбирида иштирок этди
2026-04-04 09:00:00 / Янгиликлар

Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида жорий йилнинг 3 апрель куни бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон Республикаларининг суд-экспертиза муассасалари ўртасида “Туркий Суд Экспертиза Тармоғи тўғрисидаги англашув меморандуми”ни имзолаш тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда, Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази бошлиғи полковник С.С.Нуриддинов иштирок этди.
Тадбир давомида, Туркий давлатлар Ташкилотига аъзо давлат суд-экспертиза муассасалари илмий салоҳиятини ошириш ва улар ўртасида тизимли ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш мақсадида, иштирокчилар томонидан қуйидаги йўналишлар белгилаб олинди.
1. Электрон тизимлар, платформалар орқали иштирокчилар ўртасида самарали мулоқот ва ахборот алмашинишни йўлга қўйиш.
2. Суд-экспертиза соҳасида суд экспертларни профессионал кўникмаларни ошириш, соҳага оид илмий методлар, лаборатория бошқаруви тизимлари, илғор тажрибалар, янги технологиялар ва инновацион методологиялар бўйича тажриба алмашиниш.
3. Фаолиятга оид илмий-тадқиқот лойиҳалар, ҳамкорликдаги тадқиқотлар ва қиёсий таҳлилларни рағбатлантириш ҳамда суд-экспертиза соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилашда конференциялар, илмий симпозиумлар, семинарлар ва эксперт учрашувларини ташкил этиш.
4. Суд-экспертиза фаолиятини такомиллаштириш мақсадида етакчи турдош идора, марказ ва олий таълим муассасалари билан алоқаларни ўрнатиш.
Шунингдек, тадбир давомида йиғилиш иштирокчилари томонидан соҳада эришилган илғор натижалар билан тажриба алмашиш ва мавжуд муаммоларни тизимли ҳамда самарали ҳал этиш мақсадида, мунтазам равишда суд-экспертиза муассасалари раҳбарларининг йиллик йиғилишини ташкил этилишига келишиб олинди.
Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази



