Тошкент вилояти Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари маҳаллаларида профилактика ишлари таҳлил қилинди
2026-04-04 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Джураев томонидан Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2 сонли қарорлари ижросини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент вилоятининг Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида ўрганишлар олиб борилди.
Ишчи гуруҳ таркибида Миллий гвардия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Адлия, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармалари масъул раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари таълим ва илмий ташкилотлари раҳбарлари, масъул ходимлари, шунингдек бошқа мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.
Ўрганишлар давомида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этиш, шунингдек жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада оширишга қаратилган вазифалар ижросига алоҳида аҳамият берилди.
Жумладан, Ангрен шаҳрининг «Озодлик» ва«Мустақиллик» маҳаллаларида вояга етмаганлар таъминоти учун алиментларни тўлаш ва ундириш тизими, шунингдек Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси фаолияти ўрганилди.
Профилактик ва пробация ҳисобида турган шахслар учун ташкил этилган аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш жараёни ҳамда «Бўш иш ўринлари ярмаркаси» фаолияти билан танишилди.
Муаммоли оилалар билан ишлаш ҳолати ва фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар самарадорлиги атрофлича таҳлил қилинди.
Ишчи сафар давомида вазирнинг биринчи ўринбосари Ангрен шаҳри профилактика, пробация ва патруль-пост хизмати фаолияти билан танишди.
Республикада ҳар пайшанба куни ўтказиладиган«Ёшлар куни» арафасида Департамент раҳбари «Улуғбек» маҳалласида жойлашган «Янги Ангрен» маданий-спорт мажмуасига ташриф буюриб, у ерда ўтказилаётган спорт мусобақалари ва ижодий танловларда иштирок этди.
Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад ёшлар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат эканлиги таъкидланди. Вазирнинг биринчи ўринбосари ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг яшаш шароити, таълим олиши, спорт, ижод, фан ва санъат соҳаларида ўзини рўёбга чиқариш имкониятлари билан қизиқди.
Шунингдек, Олмалиқ шаҳрида сўнгги уч йилда «қизилт тоифа»да қолиб келаётган 8 та маҳаллаларда амалга оширилган ишлар ўрганилди.
Жумладан, «Рақамли маҳалла» платформаси орқали жиноятчилик профилактикасини ташкил этиш, ҳудудларга ўрнатилган кузатув камераларини ягона тизимга интеграция қилиш, шунингдек ижтимоий профилактика механизмларининг самарадорлиги ўрганилди.
Низоли оилалар билан ишлашда «Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси» фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг амалий натижалари муҳокама қилинди.
«Оғир тоифа»га кирувчи ёшлар билан ишлаш тизими, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида ташкил этилган ўқув маркази фаолияти билан танишилди.
Олмалиқ шаҳридаги «Кимёгар» маҳалласида жойлашган «Ёшлар маскани»да пробация назоратидаги шахслар иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Унда 6 нафар шахс жазони муддатдан илгари шартли равишда озод қилинди.
Яна 13 нафар фуқаронинг турли ижтимоий муаммолари эшитилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, ушбу маҳаллада «Яшил макон»умуммиллий лойиҳаси доирасида ишчи гуруҳ раҳбарлари билан биргаликда кўчатлар экилди
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати




