Касб фидойилари. Ўзимизнинг қаҳрамонлар
2024-06-27 11:15:00 / Янгиликлар

Кун ботаётган пайтда вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ патруль-пост хизмати батальонида кечки навбатчиликка чиқадиган ходимлар саф тортди. Тегишли йўриқнома берилгач, ҳамма белгиланган хизмат ҳудуди томон отланди. Улар орасида батальоннинг ижтимоий-сиёсий, оммавий-маданий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш отряди муҳандиси, сержант Азамат Жумақулов ва сафдор Жасур Бозоров ҳам бор эди.
Иккала ходим Термиз шаҳридаги «Каттабоғ» ва «Чегарачи» маҳаллалари ҳудуди бўйлаб хизмат олиб бориш учун ишга киришишди. Орадан вақт ўтиб, кўчалардаги гавжумлик ўрнини сокинлик эгаллади. Одамлар уйларига кириб кетишди. Шу пайт 9 қаватли уйнинг пастки қисмида жойлашган дўконлардан бирида ёнғин чиқаётганига кўзи тушган Азамат Жумақулов шеригини туртди. Ходимлар тезлик билан ёнғин содир бўлаётган томонга югуришди. Дарҳол аввал навбатчилик қисмига, сўнг ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар қилишди. Улар келгунларига қадар дўкон атрофидаги автомашиналарнинг сигнализациясини ишлатишга, кўп қаватли уйдаги фуқароларни уйғотишга ҳаракат қилишди.
Ёнғин борган сари катталаша бошлади. Кўп қаватли уйнинг подъезд қисмига кирган Азамат Жумақулов бурқсиган тутундан нафас олиши қийинлаша бошлади. Шунга қарамай, хонадон эшикларини бор кучи билан тақиллатар, одамларни уйғотишга уринарди.
Шу орада патруль-пост хизмати батальони ходимлари, ўт ўчирувчилар ҳам етиб келди. Ёнғинни ўчиргунга қадар барча ходимлар махсус газ қайтарувчи ниқобларни кийиб, кўп қаватли уйнинг тепа қаватларига кўтарилишди ва болаларни елкаларида кўтариб, қўлма-қўл балкон орқали узатиб, ташқарига эвакуация қилишди. Бутун бошли кўп қаватли уйдаги фуқароларнинг барчаси хавфсиз жойга кўчирилди. Ҳеч кимга шикаст етмади.
12 йиллик хизматим давомида турли ҳолатларга гувоҳ бўлдим, дейди сержант Азамат Жумақулов. Ёнғин пайтида ҳам охиригача фуқароларни қутқаришга уриндик. Ҳатто махсус ниқобда нафас олиш қийинлашди. Лекин бу кўзимга кўринмади. Менинг ҳам
2 нафар фарзандим бор. Болаларни кўрганда улар кўз олдимга келди. Шукрки, вақтида талофатнинг олдини олишга улгурдик.
Ҳа, сержант Азамат Жумақулов ва сафдор Жасур Бозоровлар ўз касбининг чинакам фидойиларидир. Уларнинг ҳушёрлиги қанча инсонларнинг, ёш гўдакларнинг ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлди. Орамизда шундай қаҳрамонлар борлигидан фахрланамиз.
Феруза Раҳмонқулова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Сурхондарё вилояти
