Хавфсиз туризм. «Хуш галибсиз хоразима!»
2026-04-03 12:40:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Хоразм вилояти туризм соҳасида жадал ривожланаётган ҳудудлардан бирига айланиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, 2025 йилда вилоятга 2,1 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, мутахассислар жорий йилда бу кўрсаткич 1,5 баробарга ошишини башорат қилишмоқда.
Вилоятда 400 га яқин тарихий ва маданий объектлар мавжудлиги сайёҳлар оқимининг янада ортишига хизмат қиляпти. Асосан Россия, Испания, Германия, Франция, Хитой ва Италия каби мамлакатлардан келаётган меҳмонлар учун хавфсиз муҳит яратиш эса энг долзарб вазифалардан биридир. Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари бу борада тизимли ишлар олиб бормоқда.
Ушбу йўналишда хизмат қилаётган ЖТСГ инспектори, лейтенант Қувончбек Ражабов соҳадаги янгиликлар ҳақида маълумотлар берди. Унинг таъкидлашича, хавфсиз туризм соҳасида ишлаш ходимдан нафақат чет тилларини билишни, балки юксак инсоний фазилатларни ҳам талаб этади:
- Бизнинг хизматимизда сайёҳларга эътиборли бўлиш билан бирга, турли ностандарт вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш қобилияти жуда муҳим. Ҳар куни майда эътиборсизликдан тортиб, жиддий муаммоларгача бўлган ҳолатларга дуч келамиз. Ҳушёр бўлиш ва ёрдамга муҳтожларга кўмаклашиш — асосий вазифамиз, — дейди у.
Қувончбек ёшлигидан одамларга ёрдам беришни орзу қилгани учун айнан шу соҳани танлаган. Унинг чет тилларини билиши хорижлик меҳмонлар билан мулоқотни анча осонлаштиради. Айниқса, йўқотилган буюмларни топиб, эгаларига қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида таҳсинга лойиқ.
Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари «Ичан қалъа» мажмуасида сайёҳлар билан тарғибот учрашувлари ўтказишяпти. Унда меҳмонларга киберфирибгарликдан эҳтиёт бўлиш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Хоразмда хавфсиз туризм тизимининг самарали йўлга қўйилгани воҳамизга келаётган ҳар бир меҳмоннинг хавфсизлиги ва ижобий таассуротлар билан қайтишини таъминламоқда. Ички ишлар органлари ходимларининг фидокорона хизматлари эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.
Нилуфар Жабборова, ўз мухбиримиз. «Постда»
