Сайёр қабул. Тизимли ишлар давом этмоқда
2026-04-03 07:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жойларда сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар давомида фуқароларнинг мурожаатлари батафсил ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ чоралар кўрилмоқда.
Юртбошимиз аҳоли билан очиқ, самарали ва доимий мулоқот қилишни муҳим йўналишлардан бири сифатида белгилаб берган эди. Ана шу вазифадан келиб чиққан ҳолда, фуқароларнинг мурожаатлари чуқур таҳлил қилиняпти. Келиб тушаётган ариза ва таклифларни амалдаги қонунларга мувофиқ ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов раҳбарлигида, масъул мутасаддилар иштирокида аҳоли учун навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Қабул жараёнида аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида, об-ҳаво ҳамда масофавий омиллар инобатга олинди. Хусусан, пойтахтимиз ва Тошкент вилояти фуқаролари билан юзма-юз мулоқот ўтказилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудларда яшовчилар учун қабуллар видеоконференсалоқа режимида ташкил этилди.
Ушбу тадбир давомида жами 521 та мурожаат қайд қилинди. Уларнинг аксарияти фуқаролар ўртасидаги молиявий муносабатлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнлари, шунингдек, кадрлар билан ишлаш масалаларига оид муаммоларни қамраб олди. Мурожаатларнинг 250 таси жойида ижобий ҳал қилинди. Қолган 271 та мурожаат эса қўшимча ўрганиш талаб этилгани сабабли, улар назоратга олиниб, масъул идоралар ҳамкорлигида кўриб чиқиш учун тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, жойлардаги ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ўтказилган қабулларда жами 475 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 185 таси жойида ижобий ечим топган бўлса, 290 таси қўшимча текширув асосида кўриб чиқиш учун йўналтирилди.
Сайёр қабуллар давомида аҳолини ташвишга солаётган масалалар, ҳуқуқий муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари атрофлича муҳокама қилиниб, фуқароларга тегишли тушунтиришлар берилди. Бундай тадбирлар тизимли равишда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
