Ёшлар куни муносабати билан ИИВ академиясида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди
2026-04-03 07:25:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги департамент бошлиғи ўринбосари, Маънавий-маърифий ишлар хизмати раҳбари Соҳибжамол Жолдасова ва унинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Наргиза Миржалолова академияда фаолият юритаётган аёл ходималар ва таълим олаётган курсант қизлар билан учрашди.
Учрашувда юртимиз хотин-қизлари учун яратилаётган кенг имкониятлар эътироф этилди. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузи тобора юксалиб бораётгани, бунинг самарасида аёллар барча соҳалар қатори ички ишлар органлари тизимида ҳам самарали меҳнат қилаётгани айтиб ўтилди.
«Аёлларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, айниқса курсант қизларимизни билимли, фидойи, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш устувор вазифаларимиз саналади. Президентимиз битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз, дея бежиз айтмаганлар», — деди Соҳибжамол Жолдасова.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган тадбирда вазирлик масъул ходими йиғилганларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади. Ёшлар қатлами мамлакатимиз тараққиётининг муҳим таянчи эканлигини таъкидлаб, хотин-қизларни ҳар томонлама фаол бўлишга, замонавий шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишга, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга чорлади.
Тадбирда сўз чиққанлар томонидан билдирилган ҳар бир мурожаат ва ташаббус қўллаб-қувватланди. Курсант қизлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан маслаҳат ва тавсиялар олди. Бир гуруҳ фаоллар вазирлик раҳбариятининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати






