ИИВ раҳбарияти томонидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган Бўзсув ҳамда Паркент туманида жойлашган Паркент темир йўл бекатида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишилди
2026-04-02 11:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич томонидан Тошкент вилоятида жойлашган темир йўл бекатларида олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари ўрганилди.
Жумладан, Чирчиқ шаҳри ҳудудида жойлашган Бўзсув темир йўл бекатида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Мазкур бекатни замонавий талаблар асосида янгилаш, инфратузилмани такомиллаштириш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, Паркент туманида жойлашган Паркент темир йўл бекатидаги қурилиш жараёнлари ҳам кўздан кечирилди. Бекатни реконструкция қилиш, замонавий хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда, мазкур ҳудуднинг туристик салоҳиятини ошириш ва ички ҳамда ташқи туризмни ривожлантиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Ташриф давомида ҳар икки бекатда амалга оширилаётган ишлар сифати, қурилиш суръатлари ва белгиланган муддатларга риоя этилиши юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва тартиб-интизомни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур қурилиш ва реконструкция ишлари темир йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш ҳамда йўловчилар учун замонавий ва хавфсиз шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи






