Қумқўрғон туманида “Чилонзор тажрибаси” асосидаги ишлар ўрганилди
2026-04-02 09:55:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактика тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда.
Шу муносабат билан, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Жўрабек Авазов томонидан Қумқўрғон туманида “Тошкент намунаси” — “Чилонзор тажрибаси” асосида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганиш жараёнлари доирасида туман ҳудудида жойлашган “Беш қаҳрамон” ва “Дўстлик” маҳаллаларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда профилактика ишларини самарали ташкил этиш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари, профилактика инспекторларининг хизмат уйлари ва улар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Шу билан бирга, маҳаллаларда ташкил этилган профилактика масканларининг фаолияти, уларнинг моддий-техник таъминоти, аҳоли билан ишлаш тизими ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлиги ўрганилди.
Алоҳида эътибор “Чилонзор тажрибаси”ни амалиётга жорий этиш доирасида аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш, ҳар бир хонадон билан индивидуал ишлаш, ижтимоий муҳитни соғломлаштириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш борасидаги ишлар ҳолатига қаратилди.
Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳамда профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан масъул шахсларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, мазкур йўналишда амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда жиноятчилик даражасини пасайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати






