Ибрат мактаби. Сермазмун умр соҳиби
2026-04-01 23:00:00 / Янгиликлар

Бугун Қашқадарё вилоятида истеъфодаги майор Зиёдулла Пардаевни кўпчилик ўз вақтида билимдон ва маҳоратли терговчи бўлганини эътироф этади, тажрибали фахрий, олижаноб инсон сифатида ҳурмат билан тилга олади.
У Ғузор туманининг Ёрғунчи қишлоғида, оддий деҳқон оиласида туғилиб, вояга етган.
Олий милиция мактабини тамомлаганимдан кейин, 1979 йили Қашқадарё вилояти ИИБга йўлланма билан ишга келдим, — дея хотирлайди қаҳрамонимиз. Дастлабки хизмат фаолиятимни эса Қарши шаҳар ИИБ Тергов бўлинмаси терговчиси лавозимида бошладим.
Касб сирларидан воқиф бўлишда устозларим Ҳазрат Баҳриев, Холли Жовлиев ва Исмоилхон Убайдуллаевларнинг хизмати катта бўлди. Уларнинг сабоқларидан жиноятни очишда майда деталларгача ўрганиш ва сўнгра қонуний тўхтамга келиш муҳим аҳамият касб этишини англадим. Шу боис устозларимдан бир умр миннатдорман.
Зиёдулла Пардаев Деҳқонобод тумани ИИБ тергов гуруҳи катта терговчиси лавозимида ишлаган кезларда ҳам кўплаб жиноятларни тергов қилиш ва жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатди.
Ундаги иштиёқ ва талабчанлик, билим ва малака кейинчалик Қарши шаҳар ҳамда Чироқчи тумани ИИБ тергов бўлимларида катта терговчи, вилоят ИИБ тергов бўлими терговчиси лавозимларида хизмат қилишига замин ҳозирлади.
Соҳавий хизматда орттирган тажрибаси, адолатни устувор билиш хислати, ҳар бир қонунбузилиш ҳолати таҳлили ортида инсон тақдири ва манфаати турганини ҳис қилиш қобилияти фаолиятда катта ютуқларга эришишида унга қўл келди.
Хизмат фаолиятининг кейинги йилларида Деҳқонобод тумани ИИБ ҲООБ бошлиғи лавозимида ишлаган Зиёдулла Пардаев иззат-икром билан пенсияга кузатилди.
28 йиллик хизмат фаолияти давомида ўзига хос тажриба мактабини яратган қаҳрамонимиз кўплаб ходимларга мураббийлик қилди. Айниқса, ҳозирда истеъфодаги подполковниклар Қаҳрамон Салоҳов, Муҳиддин Норқобилов, истеъфодаги майор Хайрулла Нормуродовлар уни устоз сифатида ҳурмат қилади.
Мақоламиз қаҳрамони пенсияга чиққандан кейин Қарши шаҳар суд ижрочиси, «Пахта тозалаш» ОҲЖ ва вилоят ҳокимлиги инжиниринг компаниясида ҳуқуқшунос бўлиб ишлади. Билим ва малакасини ишга солиб, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.
75 ёшни қаршилаган қаҳрамонимиз — ибратли умр соҳиби Зиёдулла Пардаев турмуш ўртоғи Ойдин ая билан 6 нафар фарзандни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялади.
Улар бугун турли соҳаларда фаолият кўрсатяпти. Қизи, III даражали сержант Шаҳноза Пардаева Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида хизмат қилади. Укаси Эшқувват Пардаев ҳам ички ишлар органларида хизмат қилган истеъфодаги майор.
©️ “Postda” газетаси, Содиқ Раҳимов, Қашқадарё вилояти.
