Аёл ва жамият. Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимояда
2024-06-26 20:00:00 / Янгиликлар

Узоқ давом этган келишмовчилик туфайли ажрашишга қарор қилган Жамила (исмлар ўзгартирилди) ота уйига қайтиб келди. Орадан бироз вақт ўтди. Ота-онасининг «қизим, сенга ўхшаб оиласи бузилган бир йигитдан совчилар келяпти. Олий маълумотли, уйли-жойли, тайинли иши бор экан. Рози бўлиб шунга турмушга чиқсанг, ҳаётинг изга тушиб кетади ҳали» деган сўзлари билан у иккинчи бор турмушга чиқди.
Янги оила қайнона, қайинопа ва ёш келин-куёвдан иборат бўлиб, аввалбошда ҳаммаси яхши эди. Аммо, орадан бир йил ўтар-ўтмас, барчаси саробга айланди. Эр ичиб келиб Жамиланинг биринчи турмушини юзига солиб, жанжал кўтарадиган, урадиган одат чиқарди.
Бунга чидай олмай ота уйига қайтган Жамилани ота-онаси бир неча марта эриникига олиб бориб қўйди. Афсуски, навбатдаги жанжаллардан бирида калтак туфайли аёлнинг қўли синиб, жиддий жароҳат олди.
Бундан хабар топган ҳудуд профилактика инспектори жувонга ҳимоя ордери бериб, сўнгра Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жойлаштирди.
Бу ерда унга дастлаб психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиб, жиддий жароҳат туфайли ногирон бўлиб қолишининг олди олинди. Зўравон эрга нисбатан эса жиноий иш қўзғатилди…
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими томонидан ҳам ички ишлар органлари билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бора-сида муайян ишлар амалга оширил-моқда.
Бўлимимиз 2021 йилдан ўз фаолиятини бошлаган. Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг муаммосидан келиб чиққан ҳолда, энг аввало, уларнинг психологик портрети шакллантирилади ва улар билан ишлаш бўйича режа ишлаб чиқилади.
Шу асосда психологик, тиббий ёки бошқа турдаги ёрдамлар берилади, — дейди бўлим директори Сайёра Носирова.
Булардан ташқари, бўлим томони-дан оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам амалга ошириб келинмоқда.
Ўтган вақт мобайнида Республикадаги туман, шаҳар ИИБларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан ҳудудларда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Айрим рақамларга тўхталиб ўтсак: жорий йилнинг 5 ойи давомида 1092 нафар хотин-қизларга «ҳимоя ордери» берилган бўлса, 224 нафари Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жойлаштирилиб, турли йўналишда ёрдамлар кўрсатилди.
Шу билан бир қаторда, ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар давомида хотин-қизлардан 130 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда, 244 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдамлар берилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ҲПБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Хурзада Реймкулова.
©️ «Postda» газетаси, Азамат Пирниязов, Қорақалпоғистон Республикаси.
