Туман ИИБда. Когонликлар қулайликлардан миннатдор
2026-03-31 18:00:00 / Янгиликлар

Когон тумани ИИБнинг маъмурий биноси замонавий талаблар асосида мукаммал таъмирланиб жиҳозланди ва яқинда фойдаланишга топширилди. Шунингдек, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати биноси алоҳида янгидан қад ростлади. Фуқаролар учун барча қулайликлар яратилган. Ходимларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун мини-футбол майдони ҳам қурилди.
- Туманимиздаги 23 та маҳаллада 86 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник Азамат Исмаилов. — Ҳар куни бўлимимизга турли масалаларда мурожаат қилаётган фуқаролар талайгина. Бунда соҳавий хизмат ходимлари ҳар бир мурожаатга аниқлик ва тезкорлик билан ечим топишга ҳаракат қилишади.
Майор Илҳом Худойқулов ўн олти йилдан бери ички ишлар органларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. У бундан беш йил муқаддам «Когон» маҳалла фуқаролар йиғинига профилактика инспектори этиб бириктирилди. Ўша пайти маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ошган, аҳолининг аксарияти «бекорчихўжа»лар» эди.
- Ишни асосан профилактик ҳисобда турувчи, жиноят содир этишга мойил шахслар, низоли оилалар, ёшлар ва ишсиз фуқаролар билан жиддий шуғулланишдан бошладим, — дейди И. Худойқулов. — Улар билан профилактик тарғиботу тушунтиришлар олиб борилгач, кўпчилиги ўзгарди. Ишсизлар камайди, низоли оилалар деярли қолмади. Профилактик ҳисобдаги ва жиноят содир этиш га мойил шахслар ҳар бир қинғир ишнинг жавоби борлигини англади, ўзларига муносиб иш топишди. Шу боис маҳалламиз 2024 йилдан буён «яшил» тоифада.
Профилактика катта инспектори эришган ютуқлар маҳалла еттилигининг ҳамжиҳатлиги, ишни тўғри ташкил этганидандир. Қолаверса, давлатимиз томонидан қўшимча даромад топиш учун қулайликлар яратилгани ҳам аҳоли фаровонлигига омил бўлмоқда. Биргина ўтган йилнинг декабридан ҳозирги кунгача 17 нафар ишсизлар ва ёшларга иссиқхона қурилиши учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Айни дамда иссиқхоналарда картошка экилган, бир қисмига ҳадемай булғор қалампири экишади.
Майор Ғазанфар Алланазаров 2014 йили ИИВ Академиясини тугатиб, тергов соҳасида хизмат фаолиятини бошлаган. Беш йилдан сўнг эса эксперт-криминалистика йўналишида ишлаб келяпти. У ҳар йили ўнлаб жиноятларни «иссиқ изида» фош этиб, жиноятчиликнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Содир этилаётган жиноятларни қисқа фурсатларда фош этишда катта эксперт бошқа соҳавий хизмат вакиллари билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа жойларига чиқиб, 30 та экспертиза ўтказди ва натижаси ҳақида хулосалар ёзди, 25 маротаба тергов ҳаракатларида иштирок этди.
Туман ИИБ ЖХХ пробация гуруҳи назоратида турган О. Шодия (исми ўзгартирилди) ахлоқ тузатиш жазосидан бўйин товлагач, жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан жазоси оғир турга алмаштирилди. Аммо яшириниб юрганлиги сабабли, 26 январь куни унга нисбатан қидирув эълон қилинди. Гуруҳ ходимлари олиб борган суриштирув ишлари натижасида 5 февраль куни Когон шаҳар ҳудудида ушланиб, ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД олтинчи минтақага қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. Бу ишда пробация гуруҳи катта инспектори, майор Шуҳрат Шодиевнинг хизматини алоҳида эътироф этсак арзийди.
- Билиб-билмай жиноят кўчасига кирганларни тўғри ҳаётга қайтариш ҳамда қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида тарғибот ишларини кучайтирганмиз, — дейди у. — Шу мақсадда очиқда жазо муддатини ўтаётган шахсларни ишга жойлаштириш, уларнинг маиший, ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бундан ташқари, назорат доирасига тушган 238 нафар шахснинг ҳар бири пухта ўрганилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, психологияси, жиноят содир этилишига туртки бўлган сабаб ва омиллар эътиборга олиняпти ҳамда тез-тез профилактик суҳбатлар ўтказиляпти. Гуруҳимиз назоратга олганларнинг деярли барчаси ишли, касб-корли ва тадбиркорлик билан шуғулланиб келишяпти. Олиб борилган профилактик ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган бир ойи давомида 6 нафар маҳкум тузалиш йўлига кирганлиги боис муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
Афсуски, бу тоифадаги ҳамма шахслар ҳам озодликни, берилган имкониятни тўғри англаб етавермайди. Олиб борилган профилактик суҳбатлар, қўллаб-қувватлашларга қарамай, қайта жиноят содир этишади. Ёки белгиланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келганлар ва ўзини яхши тутмаганлар учраб турибди. Жазо ўташдан бўйин товлаганлиги сабабли, 3 нафар шахс устидан судга тақдимнома киритилди ва уларнинг жазоси оғир турдаги жазога алмаштирилди.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳида иш ҳар доим авжида. Гуруҳ катта инспектори, капитан Абрам Адизов ишни тўғри ташкиллаштириб, ходимларидан муомала маданиятини биринчи ўринга қўйишни талаб қилади. Бўлинма томонидан идентификация карталари, хорижга чиқиш паспортлари бериш, яқин хориж мамлакатларидан келган меҳмонларни ва чет эллик сайёҳларни вақтинчалик рўйхатга қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 1673 нафар фуқарога ID-карталари, 175 кишига хорижга чиқиш паспортлари берилди. Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган 4 нафар фуқарога идентификация карталари уларнинг хонадонига бориб топширилди, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Паспортчи, сафдор М. Ортиқовнинг аниқлик билан олиб бораётган ишлари туфайли фуқаролар белгиланган вақтда келиб, керакли маълумотларни тақдим этишади ва идентификация карталарини шу куннинг ўзидаёқ олишади.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Бухоро вилояти
