ИИВ раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳри Миробод туманидаги «Зиёнур» ҳамда 1-сон спорт мактаби да ўрганишлар олиб борилди
2026-03-31 15:05:00 / Янгиликлар

ИИВ ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов томонидан Тошкент шаҳри Миробод туманида кенг қамровли ўрганишлар олиб борилди.
Жумладан, Миробод туманидаги «Зиёнур» маҳалласи ҳамда 1-сон спорт мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф давомида спорт мактабида ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, машғулот жараёнлари, мураббийлар фаолияти ҳамда тарбия ишларининг самарадорлиги атрофлича кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Вазир ўринбосари «Зиёнур» маҳалласида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишиб, ҳудуд инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли учун қулайликлар яратиш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.
Ташриф давомида маҳаллада фаолият юритаётган “маҳалла еттилиги” вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Суҳбат чоғида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар билан манзилли ишлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бандликни таъминлаш ҳамда оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Вазир ўринбосари томонидан маҳалла еттилиги аъзоларига ўз вазифаларини янада самарали ташкил этиш, аҳоли муаммоларига тезкор ва манзилли ёндашиш, айниқса ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди. Шунингдек, фуқаролар билан доимий мулоқотда бўлиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, барча йўналишларда ишларни тизимли равишда ташкил этиш лозимлиги қайд этилди.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи







