Венгрия полицияси ҳамда Ўзбекистон ИИВ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
2026-03-31 13:35:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг терроризм, уюшган жиноятчилик, кибержиноятлар ҳамда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш соҳасида хорижий мамлакатлар билан тажриба алмашиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили “Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда Венгрия ИИВ ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган йўл харитаси” имзоланган бўлиб, мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Венгрия Миллий тергов бюроси директорининг ўринбосари, полковник Норберт Давид бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюрди. ИИВ Марказий аппаратида бўлиб ўтган идоралараро ишчи учрашувида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари, полковник Мансур Саттаров ҳамда Норберт Давид бошчилигидаги делегация аъзолари терроризм, уюшган жиноятчилик, кибержиноятлар ҳамда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб, ўзаро фикр алмашдилар.
Шунингдек, ташриф давомида ИИВ ходимлари учун кибержиноятларга қарши курашиш ва рақамли криминалистика йўналишида ўқув курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув якунида келгусида амалга ошириладиган истиқболли илмий лойиҳалар ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан муҳим келишувлар муҳокама қилинди.
Венгрия делегациясининг мамлакатимизга амалий ташрифи давом этмоқда.



