Бухорода аёллар ўртасида волейбол бўйича Олий лига ўйинлари бошланди
2026-03-31 09:50:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳридаги муҳташам «Универсал» спорт мажмуасида волейбол бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Олий лига доирасида ўтказилаётган ушбу нуфузли спорт мусобақаларида республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган энг кучли 10 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Чемпионатни Бухоро вилояти ҳокими ўзининг кириш сўзи билан очиб бериб, республикамизда хотин-қизлар спортига қаратилаётган эътибор ва спортчиларга яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда барча жамоаларга омад тилади. Шундан сўнг, вилоят ҳокими, Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи ва бошқа мутасаддилар дастлабки учрашувларни бевосита мухлислар қаторида, катта қизиқиш билан кузатиб бордилар.
Олий лиганинг биринчи тур учрашувлари кўтаринки кайфият ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтмоқда. Спорт ихлосмандлари ва мухлислар томонидан ҳаяжон билан томоша қилинаётган турнинг дастлабки ўйинларидан бирида майдон эгалари ишончли ўйин намойиш этишди:
«БухДУ» (Бухоро) 3 : 0 «Зиёкор» (Жиззах)
Бухоролик волейболчи қизлар ўз майдонларида кечган дастлабки баҳсда рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмай, чемпионатни ёрқин ғалаба билан бошлашди. Мусобақа юқори темпда ва байрамона шукуҳда давом этмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



