Чилонзор тажрибаси. Тартиб бор жойда...
2026-03-31 08:00:00 / Янгиликлар

Шеробод туманида жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда туман ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида қўшма қарор қабул қилиниб, доимий фаолият юритувчи идоралараро тезкор штаб ташкил этилди. Бу ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаб, муаммоларга тезкор ва аниқ ечим топиш имконини бермоқда.
Тажриба доирасида тумандаги 48 та маҳалла фуқаролар йиғини кесимида чораклик «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилмоқда. Мазкур йўл хариталари орқали ҳар бир ҳудуддаги криминоген вазият чуқур таҳлил қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олингани ўз самарасини бермоқда.
- Муқаддам жиноят содир этган 107 нафар шахснинг яшаш шароити ўрганилиб, уларнинг 14 нафари доимий иш билан таъминланди, — дейди туман ИИБ ҲПБ ташкилий-таҳлил гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Муҳиддин Зиёев. — Қолаверса, жиноят содир этишга мойил ёки жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 2057 нафар фуқаро ижтимоий профилактика объекти сифатида рўйхатга олинган бўлиб, улардан 785 нафарининг муаммолари манзилли тарзда ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
Туманда хавфсизлик инфратузилмасини ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Барча маҳаллаларнинг кириш-чиқиш нуқталарига 48 та кузатув камераси ўрнатилиб, улар «Хавфсиз шаҳар» тизимига интеграция қилинди. Бу жиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш имкониятларини кенгайтирди.
Ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилгани ҳам диққатга молик. Бунинг натижасида ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка мойил, руҳий жиҳатдан тажовузкор бўлган 11 нафар шахс даволаниш муассасаларига юборилди. «Тиғ» тадбири давомида 86 та ўткир жисм аниқланиб, олиб қўйилди, айбдорлар жаримага тортилди.
Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида инспектор-психологлар томонидан 54 маротаба профилактик рейдлар ўтказилиб, вояга етмаганларни турли кўнгилочар жойларда бўлишига шароит яратган 10 нафар шахсга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чора кўрилди. Шу билан бирга, 95 нафар шахсга нисбатан ҳимоя ордери берилгани туманда оилавий зўравонликларнинг олдини олиш йўналишида изчил иш олиб борилаётганини кўрсатади.
Аҳоли гавжум жойларда, таълим муассасаларида фуқароларга интернет орқали содир этиладиган жиноятлардан ҳимояланиш бўйича тушунчалар берилмоқда. Айниқса, криминоген вазият мураккаб бўлган «Каттабоғ» маҳалласида олиб борилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Бу ерда жиноятга мойил шахслар рўйхати шакллантирилиб, улар билан манзилли ишлаш тизими жорий этилди.
Хулоса қилиб айтганда, «Чилонзор тажрибаси» Шеробод туманида жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда самарали механизм сифатида ўзини оқламоқда. Энг муҳими, мазкур ёндашув орқали ҳар бир фуқаро тақдирига бефарқ бўлмаслик, муаммоларни манзилли ҳал этиш ва жамиятда ҳуқуқий онгни юксалтиришга эришилмоқда.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА, ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
