Бухоро волейболчи қизлари Ўзбекистон чемпионатида ишончли ғалабага эришди
2026-03-30 12:40:00 / Янгиликлар

Спортнинг волейбол тури бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг И-тур баҳслари ўзининг энг қизғин палласига кирди. Ушбу нуфузли мусобақада Бухоро давлат университети (БухДУ) жамоаси ўзининг ёрқин ўйинлари билан мухлисларни хушнуд этишда давом этмоқда.
29 март куни Бухоро шаҳридаги «Ёшлик» спорт мажмуасида мусобақа иккинчи даврасининг навбатдаги марказий учрашувларидан бири бўлиб ўтди. Унда мезбонлар — БухДУ волейболчи қизлар жамоаси Қорақалпоғистон Республикасининг НДПИ жамоасига қарши майдонга тушди.
Муросасиз ва қизиқарли кечган баҳсда Бухоро жамоаси дастлабки дақиқаларданоқ ўзининг устунлигини намойиш этди. Учрашувда юксак жисмоний тайёргарлик ва ажойиб жамоавий тактикани кўрсатган БухДУ қизлари якунда 3:0 ҳисобидаги йирик ва ишончли ғалабани қўлга киритди.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу спорт тадбирига Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи шахсан ташриф буюриб, ўйинни бевосита кузатиб борди. Вилоят ИИБ раҳбариятининг спортга, хусусан, хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратаётган бундай эътибори ва бевосита қўллаб-қувватлаши спортчиларимизга қўшимча куч, майдонда ўзига бўлган ишонч ва катта мотивация бағишлади.
Ушбу муҳим ғалаба билан БухДУ жамоаси чемпионат турнир жадвалидаги ўз ўрнини янада мустаҳкамлаб олди. Олдинда турган навбатдаги учрашувларда ҳам қизларимизга зафар ёр бўлишини тилаб қоламиз!
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати








