Кечиримлилик. Инсонпарварлик намунаси
2026-03-29 23:00:00 / Янгиликлар

Инсон қадри улуғланган, адолат устувор бўлган жамиятда эзгулик ва меҳр-оқибат каби фазилатлар доимо қадрланади. Кечиримлилик эса ана шу юксак фазилатларнинг энг олий кўринишларидан бири ҳисобланади. Чунки инсон хатодан ҳоли эмас. У ўз қилмишига иқрор бўлиб, тузалиш ёлига ўтганида, жамиятнинг унга қўл чўзиши, ишонч билдириши эса юксак инсонпарварлик намунасидир.
Наврўз айёми арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш ёлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармон юртимизда инсонпарварлик сиёсати изчил амалга оширилаётганининг яна бир ёрқин исботи бўлди.
Мазкур фармонга мувофиқ, афв этилган 392 нафар шахснинг 223 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 82 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 34 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо тури билан алмаштирилди.
Шунингдек, 53 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Бу рақамлар ортида инсон тақдири, умид ва ишонч мужассам. Афв — бу фақат ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки инсонга берилган имконият, ҳаётни янгидан бошлаш учун очилган эшикдир.
Айниқса, афв этилганлар орасида ёшлар, аёллар ва қарияларнинг мавжудлиги жамиятимизда инсон тақдирига бефарқ қаралмаслигини кўрсатади.
Бу эса давлат сиёсатининг марказида инсон манфаатлари турганини яна бир бор тасдиқлайди.
©️ “Postda” газетаси, Шаҳризод Шокиров, капитан.
