Туркиядан Ўзбекистонга Интерпол орқали халқаро қидирувда бўлган фуқаро экстрадиция қилинди
2026-03-28 16:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси билан яқин ҳамкорлик натижасида Интерпол орқали халқаро қидирувда бўлган фуқарони Ўзбекистон Республикасига олиб келиш ташкил этилди.
Мазкур шахс Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ташаббуси билан фирибгарлик жиноятини содир этгани учун қидирувга берилган.
Қидирувда бўлган шахс Истанбул халқаро аэропортида қабул қилиниб, у ердан Интерпол ҳамда Хоразм вилояти ИИБ ходимлари кузатувида Ўзбекистон Республикасига олиб келинди.
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрига етиб келгач, фуқаро Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун Хоразм вилояти ИИБ ходимларига топширилди.
Шунингдек, Тошкент ва Анқара шаҳарларидаги Интерпол Миллий марказий бюролари, Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси ҳамда Туркия Республикаси миграция хизмати ўртасидаги фаол ҳамкорлик натижасида 2026 йил 26 март куни яна бир Ўзбекистон Республикаси фуқаросини йирик миқдордаги фирибгарлик жиноятини содир этгани учун Интерпол орқали халқаро қидирувдан экстрадиция қилиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Интерпол Миллий марказий бюроси


