Юксак мукофот соҳиблари. «Қумработнинг содиқ ўғлони»
2026-03-28 15:40:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг «Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ тақдирланган фидойи ходимлар орасида Ромитан тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика катта инспектори, капитан Санжар Аҳмедов ҳам бор. У «Қумработ» маҳалла фуқаролар йиғинида хизмат олиб боради.
- Узоқроқ қариндошимиз ички ишлар соҳасида ишларди, унга ҳавас қилиб, осойишталик посбони бўлишни орзу қилардим, — дейди Санжар. — Бироқ, ота-онам менинг ўзлари каби ўқитувчи бўлишимни исташарди. Шу боис Бухоро давлат университетида таҳсил олдим. Икки йил тумандаги педагогика коллежида ўқувчиларга сабоқ бердим. Бир неча маротаба ички ишлар ходими бўлиш учун имтиҳону тестлар топширдим. Ҳар сафар балим етмасди. Аммо аҳдимдан қайтмадим. Учинчи йили менга омад кулиб боқди. Вилоят ИИБ ЖТСБ ППХ батальони сафдор ходими лавозимига қабул қилиндим. Батальонда етти йил фаолият кўрсатгач, оилавий шароитимдан келиб чиқиб, туман ИИБда хизматни давом эттирдим.
Дастлаб тумандаги «Марзия» маҳалласида профилактика инспектори этиб тайинланган С.Аҳмедов қисқа вақт ичида ҳудуддаги криминоген вазиятнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Натижада аҳолининг ёш профилактика инспекторига бўлган ишончи ортди. Фуқаролар оилавий низоларни, қўни-қўшнилар келишмовчиликларини туманга бормай, шу ернинг ўзида ҳал этадиган бўлди. Жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмади. Раҳбарият яна катта ишонч билан уни «Боғисайдон» маҳалласига профилактика инспектори этиб тайинлади. Бу ерда ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда анча фаоллик кўрсатди. Шу боис 2021 йили муддатидан олдин «катта лейтенант» унвонини олишга мушарраф бўлди.
2023 йили Санжарнинг елкасига янада катта масъулият юкланди. У профилактика катта инспектори лавозимига ўтказилди ва «Қумработ» маҳалла фуқаролар йиғинида хизмат фаолиятини бошлади. Ўшанда ҳудудда жиноят содир этилмасада, аммо ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тез-тез рўй бериб турарди. Айниқса, спиртли ичимлик ичиб жанжал қиладиган шахслар ва низоли оилалар анчагина эди. Бу эса лавҳамиз қаҳрамонидан ниҳоятда жиддий иш олиб боришни талаб этарди. Профилактика катта инспектори иштиёқ билан ишга киришди. Фаолиятини спиртли ичимликка ружу қўйган шахсларни мажбурий даволаш муассасаларига ётқизишдан бошлади. Илгари судланган, жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар ҳамда низоли оилалар билан тез-тез суҳбатлашиб, профилактик тадбирлар олиб борди. Саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, маҳалла «я шил» тоифага ўтди ва жиноятдан холи ҳудудга айланди.
- Кейинги йилларда маҳаллаларга давлатимиз томонидан катта эътибор ва имконият берилаётгани, қолаверса, ички ишлар органлари ходимларининг халққа яқин бўлиб, маҳалладошларимизнинг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида тургани кутилгандан ҳам яхши самара бермоқда, — дейди маҳалла раиси Илёс Султонов. — Илгари бирор киши шикоят билан келса, профилактика инспекторини излаб қолардик. Энди эса бунга ҳожат қолмади. Чунки профилактика катта инспектори, капитан Санжар Аҳмедов ҳамиша ўз иш жойида, биз билан бирга. Фуқаролар хоҳлаган вақтида унга ўзларини қизиқтирган савол ҳамда муаммолари билан мурожаат қилишлари мумкин. Ундаги самимийлик, одамгарчилик туфайли ҳар бир фуқаро инспекторга яқин кишисидай суянади.
Дарҳақиқат, маҳаллада фуқаролар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилган. Натижада ҳудудда истиқомат қилувчи катта ёшдаги аҳолининг барчаси фойдали меҳнат билан шуғулланишади. Бу, ўз навбатида, аҳоли, хусусан, ёшларнинг иш билан таъминланишида муҳим ўрин тутиб, ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишда ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, маҳалла ҳудудига 75 та кузатув камераси ўрнатилиб, 21 та савдо дўкони ва 8 та корхона қўриқлаш пультига уланди. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этиш ва ҳуқуқбузарликлардан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 42 нафар шахсга хулоса берилиб, муаммолари ҳал этилди.
Айни пайтда маҳаллада 1254 та оила истиқомат қилади. Шулардан 11 таси нотинч оилалар рўйхатига олинган эди. Эндиликда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси, маҳалла раиси И. Султонов, профилактика катта инспектори, капитан С. Аҳмедов, хотин-қизлар фаоли Д. Жабборова, ҳоким ёрдамчиси У. Сирожов, ёшлар етакчиси М. Орипов ва ижтимоий ходим М. Тошқуловаларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли аҳиллик ҳукм сурмоқда.
Капитан Санжар Аҳмедов қайси маҳаллада ишламасин, аввало, унинг фаолларига таянади, баҳамжиҳатликда иш олиб боради. Шу боис ҳам кўзлаган натижаларига эришиб келяпти. Бундан ташқари, ёш ходимларга мураббийлик қилиб, кўп йиллик хизмати давомида орттирган тажрибаларини ўргатмоқда. Лейтенантлар Насриддин Ражабов, Ҳамза Қазоқов, Ҳумоюн Шарофиддинов шулар жумласидандир.
Юртимизда ҳар бир инсоннинг фидокорона меҳнати қадр топиб келмоқда. Капитан Санжар Аҳмедовнинг ҳам хизмат фаолиятида эришаётган ютуқлари муносиб баҳоланиб, «Содиқ хизматлари учун» медалига лойиқ топилди.
- Бу мукофотни нафақат менга, балки маҳалла фаоллари хизматига берилган юқори баҳо деб биламан, — дейди у ғурурланиб. — Чунки қандай ютуққа эришмайин, аввало, барчасининг замирида мен билан ёнма-ён хизмат қилаётган, қўллаб-қувватлаб турган маҳалладошларимнинг ҳамда оиламнинг ҳиссаси катта. Юксак мукофот мени янада фидойилик билан хизмат қилишга ундайди.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. "Постда"
Бухоро вилояти
