Наманган вилояти ИИБ раҳбариятининг Янги Наманган туманида сайёр қабул ва комплекс ўрганишлари ўтказилди
2026-03-28 14:15:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларга тезкор ечим топиш мақсадида мунтазам сайёр қабуллар ҳамда жойларда комплекс ўрганишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Янги Наманган туманининг «Бунёдкор» маҳалласида ўтказилган сайёр қабул давомида 14 нафар фуқаронинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари тингланиб, улар белгиланган тартибда расмийлаштирилди ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган мурожаатлар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳ томонидан туманнинг «Бунёдкор», «Саҳоват» ва «Мустақилликнинг беш йиллиги» маҳаллаларида профилактика инспекторлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти таҳлил қилиниб, жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш ва аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлашни кучайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Туман ҳудудидаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази фаолияти ҳам ўрганилиб, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, улар билан индивидуал ишлашни самарали ташкил этиш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди. Бу каби ўрганиш ва назорат тадбирлари бошқа ҳудудларда ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



