Коррупцияга қарши муросасиз курашиш — адолат пойдевори
2026-03-28 06:55:00 / Янгиликлар

Жамият тараққиётини секинлаштирадиган, давлат бошқарувига бўлган ишончни емириб борадиган коррупция нафақат иқтисодий йўқотишларга, балки ижтимоий адолатнинг бузилишига ҳам олиб келади. Шу боис бу хавфли иллатга қарши кураш мамлакатимизда устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилган бўлиб, барча тизимларда, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қатъий чоралар кўрилмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки икки ойи давомида Андижон вилояти ички ишлар органлари томонидан ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари фаолияти тартибига қарши қаратилган жами 83 та жиноят аниқлангани бунинг яққол исботидир. Эътиборлиси, ушбу жиноятларнинг 12 таси гуруҳлар томонидан содир этилган бўлиб, натижада 99 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Аниқланган ҳолатлар оқибатида етказилган 5 миллиард 960 миллион сўмдан ортиқ зарарнинг 3 миллиард 529 миллион сўми, яъни 65,5 фоизи айбдор шахслардан ундирилгани ҳам тизимли иш олиб борилаётганини кўрсатади. Бу рақамлар фақат статистика эмас, балки ҳар бир ноқонуний ҳаракат жазосиз қолмаслигининг амалий ифодасидир.
Шу билан бирга, жиноят турлари таҳлили коррупция билан боғлиқ хавфлар ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини кўрсатади. Хусусан, 8 та товламачилик ва 31 та фирибгарлик ҳолатлари аниқлангани айрим шахслар ҳали ҳануз манфаат орттириш мақсадида ноқонуний йўлларни танлаётганини англатади.
Бу ҳолатни Марҳамат туманида юз берган воқеа мисолида ҳам кўриш мумкин. Туман кадастр тизими билан боғлиқ масалани «ҳал қилиб бериш»ни ваъда қилган шахс ер майдонининг тоифасини ўзгартириш орқали қарорга таъсир ўтказишини айтиб, эвазига 70 минг АҚШ доллари талаб қилган. Келишув жараёнида сўралган пулнинг 40 минг АҚШ доллари Андижон шаҳрида олинаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Мазкур ҳолат нафақат жиноят, балки тизимдаги коррупцион хавфларнинг қай даражада жиддий эканлигига мисолдир. Чунки бундай ҳолатларда фақат пул эмас, балки қонун устуворлиги, адолат ва жамият ишончи савдо объектига айланиб қолади.
Валюта қимматликларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар ҳам диққатдан четда қолмаяпти. Жорий йилда 9 та шундай ҳолат аниқланиб, улар бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Натижада 38 минг 390 АҚШ доллари, 3 500 евро ва 45 800 рубль каби маблағлар ноқонуний айланмадан олинган. Бу рақамлар ортида эса бир ҳақиқат ётади: коррупцияга қарши кураш фақат жазо чоралари билан чекланмаслиги керак. Унинг илдизларини бартараф этиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир.
Хулоса қилиб айтганда, Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар коррупцияга қарши курашда муросасиз ёндашув шаклланаётганини кўрсатади. Энг муҳими, ҳар бир аниқланган жиноят бу тизим тозаланаётганининг белгиси. Агар жамиятнинг ҳар бир аъзоси қонунга ҳурмат билан ёндашса, ноқонуний йўллардан воз кечса, коррупцияга қарши кураш самараси янада юқори бўлади. Адолат устувор бўлган жойда эса тараққиёт барқарор бўлади.
Санжар ЖАББОРОВ, Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, полковник.
