Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳри Миробод туманидаги «Салар» МФЙда ўрганишлар ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди
2026-03-27 18:10:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган «Салар» маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим тадбир — бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Мазкур ярмарка ИИВ ўринбосари генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич ташаббуси ва бевосита иштирокида ўтказилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад маҳалладаги ишсиз фуқароларни, айниқса ёшларни доимий иш билан таъминлаш, уларни турли касб-ҳунарларга йўналтириш ҳамда даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашишдан иборат бўлди.
Тадбир доирасида вазир ўринбосари «Салар» маҳалласи “еттилиги” билан суҳбатлашиб, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашди. Суҳбат давомида ҳар бир хонадонга индивидуал ёндашувни кучайтириш, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларни иш билан таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ярмаркада турли ташкилот ва корхоналар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Фуқароларга иш шароитлари, маош миқдори ва талаб этиладиган кўникмалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, иш изловчилар билан иш берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилди.
Тадбир давомида кўплаб ёшлар ўзларига мос иш ўринларини топиш имконига эга бўлишди. Айрим фуқаролар билан жойида меҳнат шартномаларини расмийлаштириш ишлари ҳам амалга оширилди.
Шу билан бирга, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди, касбга йўналтириш ва қайта тайёрлаш курслари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Бундай амалий тадбирлар аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
ИИВ Транспорт вa туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи







