Тошкент шаҳрида мамлакатимиз Ички ишлар вазирининг Россия Ички ишлар вазири билан расмий учрашуви бўлиб ўтди
2024-06-25 17:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин томонидан жорий йилнинг 27 май куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳамкорлигининг устувор йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасининг ижросини таъминлаш мақсадида Россия Федерацияси Ички ишлар вазири бошчилигидаги соҳа масъулларидан иборат делегациянинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи амалга оширилди.
Икки давлат ички ишлар органлари раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда тарафлар учун муҳим бўлган масалалар кенг муҳокама қилинди, жумладан, Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини, шунингдек Ўзбекистон Республикасидаги Россия фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, улар орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва ноқонуний миграция ҳолатларига барҳам бериш, жиноятчилик, шу жумладан кибержиноятлар, фирибгарлик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳамда бошқа трансмиллий уюшган жиноятларга қарши курашиш, шунингдек қидирувдаги шахсларни ушлашда соҳа хизматларининг ҳамкорлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот йўналишида алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир сўнгида раҳбарлар кун тартибидаги масалалар бўйича бажарилиши лозим бўлган амалий ишлар ҳамда истиқболли вазифалар белгиланган баённомани имзоладилар.
Тадбир доирасида Пўлат Бобожонов ва Владимир Колоколцев Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрдилар.
Кўп миллатли халқларимиз кўп асрлик умумий тарихимиз ва унинг ёрқин саҳифалари, жумладан, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабани алоҳида ҳурмат-эътибор билан ёд этадилар.
Бу ерга ташриф давомида икки давлат ички ишлар вазирлари ҳалок бўлган ўзбек аскарларнинг хотирасини ёдга олдилар ва уруш дастидан беш нафар ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова хотирасига ўрнатилган «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйдилар. Ўзбекистоннинг урушдаги иштироки тарихига бағишланган Шон-шараф музейининг бой экспозицияси билан танишдилар.
Шунингдек, ташриф жараёнида, россиялик ҳамкорлар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш маркази фаолияти билан танишдилар.
Марказ жамоат хавфсизлиги жараёнларини қамраб олган ягона ахборот макони ҳисобланиб, ҳудудлардаги вазият ва ходимларнинг иш-ҳаракати рақамли технологиялар орқали таҳлил қилиб борилади. Ҳозирда, 10 мингдан ортиқ профилактика инспекторларининг фаолиятини 6 та йўналиш бўйича назорат қилиш ва баҳолаш амалга оширилмоқда.
Марказда «Е-Жамоат хавфсизлиги», «Е-Ижтимоий вазият» каби дастурлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини сақлаш хизматларининг ягона ахборот тизимлари жамланган, олти мингдан зиёд рақамли кузатув камералари интеграция қилинган. Шунингдек, марказда видеоалоқа орқали профилактика инспекторлари, йўл патруль, пост патруль ва пробация ходимлари учун масофавий ўқув курсларини ўтказиш режалаштирилган.
Жараёнда, хорижий меҳмонларга мамлакатимиз ички ишлар органлари томонидан соҳада қўлланилаётган транспорт воситалари, махсус техника ҳамда замонавий восита ва аслаҳалар намойиш этилди.
Мазкур тадбир ишчанлик ва конструктив руҳда, дўстлик, ўзаро ишонч муҳитида ўтгани, соҳалар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ