Анжуман. Инновацион ривожланиш асоси
2026-03-26 23:00:00 / Янгиликлар

Келажакни замонавий билимларни эгаллаган бар-камол авлод яратади. Бугун юртимизда ёшларнинг таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор замирида шундай эзгу мақсад мужассам.
Шу ўринда ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўқув жараёнларининг самарадорлиги билан бирга, PhD илмий даражасига эга бўлган устозлар сонини ошириш стратегик мақсад сифатида белгиланганлигини таъкидлаш жоиздир.
Мактаб-интернатида «Science and Innovation» халқаро илмий журнали билан ҳамкорликда ўтказилган «Замонавий таълим тизимида инновацион ривожланиш ва янги авлод компетенциялари» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман замонавий таълим ва илмий изланишнинг дебочаси бўлди дейиш мумкин.
Тадбирда республика таълим тизимига компетенциявий ёндашувни изчил жорий қилиш, фанларни ўқитишда илғор педагогик тажрибалар ва инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, таълим жараёнини рақамлаштириш ҳамда STEAM ва фанлараро интеграция асосида таълим олувчиларнинг замонавий билим, кўникма ва малакаларини ривожлантириш масалалари илмий-назарий ва амалий жиҳатдан муҳокама қилинди.
Шунингдек, конференцияда таълим сифатини оширишга хизмат қилувчи интерфаол методлар ва баҳолашнинг замонавий шаклларини такомиллаштириш, рақамли таълим платформалари ва ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, танқидий, ижодий, коммуникатив ҳамда ижтимоий-эмоционал компетенцияларни ривожлантириш, жумладан, ихтисослаштирилган ва олий таълим муассасаларида, ҳуқуқий таълимда компетенциявий ёндашув ва рақамли трансформация бўйича илғор тажрибаларни умумлаштириш ҳамда оммалаштириш хусусида сўз юритилди.
©️ “Postda” газетаси, Сумбулой Саидова, ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси.
