Қорақалпоғистон Республикаси масъул раҳбарлари иштирокида Нукусда жиноятчилик сабаблари муҳокама қилинди
2026-03-26 09:00:00 / Янгиликлар

Нукус шаҳрида юз берган оғир оқибатли жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ва Ички ишлар вазирининг раҳбарлигида муҳокама қилинди.
Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник Бахтиёр Торебеков ва Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминовлар Нукус шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғини етакчилари билан учрашув ўтказди.
Унда асосий эътибор Республикамиз ҳудудида, шу жумладан, Нукус шаҳри ҳудудида сўнгги вақтда учраган жиноятлар муҳокама қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабабларига эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга фуқароларнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиши асосий сабаб бўлмоқда. Ҳақиқатан ҳам айрим фуқаролар спиртли ичимликни ҳаддан зиёд миқдорда истеъмол қилиши оқибатида турли жиноятларга қўл уриш ҳолатлари учрамоқда.
Шунинг учун ҳам учрашувда спиртли ичимликка берилган, нотинч оила аъзолари билан индивидуал тарзда ишлаш, айниқса бу борада қишлоқнинг ёши катталари ҳам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб, тўғри йўл-йўриқ, маслаҳат-маслаҳатларини доимий равишда бериб бориши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Шунингдек, маҳалла еттилиги фаолияти самарадорлигини ошириш ва шу орқали салбий ҳолатларнинг олдини олиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу боис йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ва ҳамкор ташкилотлар ходимларига нисбатан жиноят содир этилган, ҳолатлардан тўғри хулоса чиқариб, келгусида бундай жиноятларнинг олдини олиш бўйича топшириқлар берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, жиноятларнинг олдини олишда — нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, балки ҳар бир фуқародан фаоллик талаб этилади. Шундай экан атрофимизда юз бераётган воқеаларга бефарқ бўлмаслигимиз керак.
Чунки яшаб турган ҳудудимизнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноятлардан холи бўлиши — ўзимиз ва яқинларимизнинг хавфсиз ҳаёт кечиришига хизмат қилади.
Тадбир якунида келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича йиғилган масъул ходимларга вазифалар белгилаб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати









