Волейбол бўйича эркаклар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг қизғин баҳслари давом этмоқда
2026-03-26 09:00:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳрида волейбол бўйича эркаклар ўртасида Ўзбекистон чемпионати олий лигасининг 3-тур беллашувлари кўтаринки руҳда давом этмоқда. 22 март куни старт олган ушбу нуфузли мусобақа 1 апрелга қадар давом этиши режалаштирилган.
Мусобақанинг 3-куни, яъни 25 март санасида «БухДУ» спорт залида бўлиб ўтган ўйинлар ҳақиқий спортга хос шиддат ва муросасиз курашларга бой бўлди. Қуйида ушбу кундаги эркаклар ўртасидаги учрашувлар натижалари билан танишишингиз мумкин:
Тошкент вилоятининг «АГМК» ҳамда Хоразм вилоятининг «УрДУ» жамоалари ўртасидаги баҳсда «АГМК» вакиллари ўз устунлигини кўрсатиб, 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Фарғона вилоятининг «ФарДУ» жамоаси Навоий вилоятининг «Суғдиёна-Кончи» йигитларига қарши майдонга тушди. Қизиқарли ўтган баҳсда навоийликлар рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 3:0 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритди.
Қорақалпоғистон Республикасининг «ҚДУ» ҳамда Тошкент шаҳрининг «Узтелеком» жамоалари ўртасидаги учрашувда пойтахтликлар ўз маҳоратларини кўрсатиб, 3:0 ҳисобида зафар қучди.
Самарқанд вилоятининг «СамДПИ» ҳамда Бухоро вилоятининг «БухДУ» жамоалари ўйинида мезбонлар – бухоролик йигитлар жуда фаол ва чиройли ўйин намойиш этиб, 3:0 ҳисобида ғолиб бўлишди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати


