Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан маҳаллаларда ўрганиш ишлари олиб борилиб, жиноятчилик ҳолати таҳлил қилинмоқда
2026-03-26 09:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш ҳамда маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари томонидан туну кун хизмат олиб борилмоқда.
Мазкур жараён бошқарма раҳбарияти томонидан доимий назоратга олиниб, хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Жумладан, бугун бошқарма бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Тўрақўрғон туманининг «Қашқаргузар» ва «Шаҳанд», Мингбулоқ туманининг «Қорашаҳар», «Қизилқум» ва Поп туманининг «Янги тўда» ва «Обиҳаёт» маҳаллаларида бўлиб, маҳалла еттилиги фаолияти, шунингдек, ушбу ҳудудларда оила-турмуш доирасида содир этилган ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари жамоатчилик вакиллари иштирокида атрофлича таҳлил қилинди.
Шу билан бирга, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, маҳаллаларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ижросини тўлиқ таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Вилоят ИИБ ишчи гуруҳи томонидан олиб борилаётган ўрганиш ишлари ҳудудларда давом этмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






