Диққат, фирибгарлар фаоллашмоқда!
2026-03-26 09:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги вақтларда айрим шахслар ўзини ички ишлар органлари ходими ёки тизимга алоқадор деб таништириб, фуқароларга “пул эвазига ишингизни ҳал қилиб берамиз” каби ноқонуний таклифлар билдирмоқда.
Жорий йилнинг март ойида Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда қуйидаги ҳолатлар аниқланди:
2026 йил 17 март куни фуқаро М.А гўёки Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБда ишловчи танишлари орқали “чиройли комбинацияли давлат рақам белгиларини олиб беришини” айтиб, ариза муаллифидан 1.800 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
2026 йил 24 март куни фуқаро М.Л. гўёки ИИВ ЙҲХБда танишлари борлигини айтиб, йўл транспорт ҳодисаси юзасидан жавобгар қилмаслик ва автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ариза муаллифидан 6 млн. сўм олган вақтида ушланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан фуқаро М.А. ва М.Л.ларга нисбатан Жиноят кодекси 168-моддаси 2-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Фуқаро А.А жорий йилнинг 21 март куни фуқаро А.Т га қўнғироқ қилиб, гўёки ўзини “Фарғона вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ходими” деб таништириб, унинг устидан ариза тушганлигини айтиб, ишни ижобий ҳал қилиш эвазига 2,5 млн сўм пулларни пластик картасига ўтказиб олганлиги аниқланган.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланишича, юқорида кўрсатилган шахслар ички ишлар органларига ҳеч қандай алоқадор эмас. Улар фуқароларни чалғитиш орқали моддий манфаат орттиришга уринаётгани, яъни ходимлар номини сотиш орқали ички ишлар органлари шаъни ва обрўсига путур етказаётгани аниқланди.
Мазкур шахсларнинг бундай хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади ва қонун доирасида қатъий чоралар кўрилиши муқаррар.
Шу каби ҳолатларга дуч келсангиз, зудлик билан “1102” ишонч телефони ёки Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг (71) 231-31-74 рақамли телефонига мурожаат этишингиз сўралади.
Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Огоҳ бўлинг, яқинларингизни ҳам огоҳ қилинг! Фирибгарларга алданманг!
