Яккасарой туманида тадбиркорликни ривожлантириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди
2026-03-25 21:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов, Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев ҳамда Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова тумандаги “Яккасарой кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш дирекцияси” давлат унитар корхонасида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида саноат ҳудудларида яратилган шароитлар, ишлаб чиқариш қувватлари, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий механизмлар ҳамда янги инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг фаолият жараёнида дуч келаётган муаммолари, таклифлари ва ташаббуслари тингланди. Мулоқот давомида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада оширишга доир қатор масалалар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ҳудудларда тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу куни Яккасарой туманидаги “Яккасарой” маҳалласида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳудуддаги криминоген вазиятни таҳлил қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган танқидий йиғилиш ҳам бўлиб ўтди.
Йиғилишда туман прокурори Бекзод Шамшиев, туман суди раиси Алишер Жалилов, ҳоким ўринбосарлари, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Ж.Эргашев, туман ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосари ҳамда маҳалла еттилиги аъзолари иштирок этди.
Йиғилиш давомида ҳудуддаги жиноятчилик ҳолати, профилактика ишлари самарадорлиги ва мавжуд камчиликлар таҳлилий асосда кўриб чиқилди. Жумладан, “Яккасарой” маҳалласи жиноятчилик кўрсаткичлари бўйича “сариқ ҳудуд” тоифасига тушиб қолгани алоҳида қайд этилиб, ушбу ҳолатнинг сабаб ва омиллари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида маҳаллада ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш ишларини янада кучайтириш, аҳоли, айниқса ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, шунингдек, мутасадди идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти



