Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг миграция масалалари бўйича иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди
2026-03-25 19:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 24–25 март кунлари Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси биносида Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг меҳнат миграцияси, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда миграция соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти вакиллари, шунингдек, икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари делегациялари иштирок этди. Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Д.Қосимов ҳамда Россия Федерацияси Бош прокурорининг ўринбосари П.Городов ҳамраислигида ўтказилди.
Йиғилишнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ўтказилиши прокуратура органларининг қонунийликни таъминлаш ҳамда миграция соҳасида давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришдаги мувофиқлаштирувчи ролини акс эттиради.
Учрашув давомида томонлар миграция соҳасидаги жорий ҳолатни муҳокама қилиб, мавжуд муаммоли масалаларни белгилаб олдилар ҳамда уларни ҳал этиш йўлларини кўриб чиқдилар. Йиғилиш якунлари бўйича миграция соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган, ҳар икки давлат манфаатларини инобатга олган ҳолда қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.




