Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтида ўқув семинари ташкил этилди
2026-03-25 11:30:00 / Янгиликлар

Бугун Криминология тадқиқот институтида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини янада яхшилаш масалаларига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад — Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари вакилларининг ушбу йўналишдаги масъулиятини ошириш, уларнинг фаолияти самарадорлигини замонавий ёндашувлар асосида такомиллаштиришдан иборат бўлди.
Семинар давомида ички ишлар органлари фаолиятига дахлдор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги кўрсаткичлари ҳар томонлама таҳлил қилинди. Шунингдек, мавжуд натижаларни яхшилашга қаратилган устувор вазифалар, амалга оширилиши зарур бўлган аниқ чора-тадбирлар, шунингдек, амалиётда учраётган хато ва камчиликлар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама этилди.
Тадбир доирасида халқаро индекслар таркибидаги айрим индикаторлар бўйича эришилган натижалар, уларнинг шаклланишига таъсир этувчи омиллар ҳамда кўрсаткичларни янада яхшилашга қаратилган илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Айниқса, фуқароларнинг субъектив баҳолари, халқаро экспертлар хулосалари ҳамда очиқ ахборот манбаларидаги маълумотларнинг рейтинг кўрсаткичларига таъсирига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар якунида соҳавий хизматлар томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ижобий натижалар ҳамда илғор тажрибаларни халқаро рейтинг ташкилотларига тизимли, шаффоф ва ишончли ахборот алмашинуви асосида тақдим этиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти



