Пробация хизмати. Қоқилганни суяш керак
2026-03-24 17:10:00 / Янгиликлар

Халқимизда «Тўрт оёқли от ҳам қоқилади» деган нақл бор. Ҳаётда ҳамма ҳам адашиши, хатога йўл қўйиши мумкин. Муҳими ўша хатодан тўғри хулоса чиқариб, жамиятда ўз ўрнини қайта топишдир. Шундай пайтда уни суяш лозим.
Инсон қачон жиноятга қайта қўл урмайди? Қачонки бошқаларга кераклигини ҳис қилса, оиласи олдидаги масъулиятини англаса ва ҳалол меҳнат қилиб ризқ топиш имконига эга бўлса. Пробация хизмати ходимларининг фаолияти назорат остидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Бу борада Нукус тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи ходимлари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ўтган 2025 йил давомида уларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида назорат остидагиларнинг ҳолидан хабар олинди. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 19 маротаба меҳнат ярмаркаси ўтказилган.
Хусусан, жазони ўташ муассасасидан озод этилган Х.Қ.га тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 11 миллион сўм миқдорида дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети берилди. Шунингдек, О.Т. нинг аҳолини сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида тадбиркорлик билан шуғулланиши учун моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, жойларда ўтказилган сайёр судларда Пробация гуруҳи тақдимномасига асосан 42 нафар назоратдаги шахс жазони ўташ тартибларига амал қилиб, қатъий тузалиш йўлига ўтганлиги сабабли муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган.
Жорий йилда 20 нафар шахс Пробация гуруҳи ҳисобига олиниб, 18 нафари ҳисобдан чиқарилди. Айни пайтда 64 нафар шахс озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтамоқда. Уларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш, соғлиғини тиклаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Энг асосийси, мазкур шахсларга ҳалол меҳнат қилишнинг афзалликлари тушунтириляпти.
- Афсуски, берилган имкониятлардан фойдаланмайдиган шахслар ҳам учраб туради. Йил бошидан буён жазони ўташ тартиб-қоидаларига риоя этмасдан келаётган 2 нафар маҳкумнинг жазоси оғирроқ турига алмаштирилди, — дейди Нукус тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳининг катта инспектори, капитан Даулетбай Хожамуратов.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, пробация назоратидаги шахсларга жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш фақатгина ички ишлар органлари ходимларининг вазифаси эмас. Уларни кенг жамоатчилик, айниқса, яқин қариндошлари ҳам қўллаб-қувватлаши лозим. Зеро, ўз вақтида берилган фойдали маслаҳат, панду насиҳат ҳар қандай кишининг ҳаётга нотўғри қарашини ижобий томонга ўзгартириши мумкин.
Азамат ПИРНИЯЗОВ, ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
