Муносиб хизмат ва фидойиликка юксак эътибор: Бухорода ички ишлар ходимлари ҳамда фахрийларига хизмат уйлари бепул мулк қилиб берилди
2026-03-24 16:30:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг муносиб шароитларда хизмат олиб боришини таъминлаш ҳамда оилавий фаровонлигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Халқ тинчлиги ва жамият хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли вазифани садоқат билан бажараётган ходимларни, шунингдек, эл-юрт осойишталиги йўлида кўп йиллик меҳнатини сингдирган фахрийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада, айниқса, соҳа вакилларини уй-жой билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси мустаҳкам кафолатланмоқда.
Ана шундай юксак эътибор ва амалий ғамхўрликнинг навбатдаги намунаси сифатида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида кўтаринки руҳда тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Анварович Ташпулатовнинг тегишли буйруқлари ўқиб эшиттирилди ҳамда тизимда самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимлар ва нафақадаги фахрийларга тантанали равишда топширилди.
Вазирнинг тегишли буйруғига асосан, календар ҳисобда 20 йил ва ундан кўп хизмат қилган, аввал уй-жой билан таъминланмаган ҳамда хизмат фаолияти давомида ижобий натижаларга эришган бир қатор ходимларга эҳтиром кўрсатилди. Турли раҳбарлик лавозимларида, шунингдек, патрул-пост ва бошқа хизматларда садоқат билан меҳнат қилаётган офицер ва сержантларга ўзлари истиқомат қилиб келаётган хонадонлардан “хизмат уйи” мақоми ечилиб, улар бепул шахсий мулк этиб расмийлаштириб берилди.
Шунингдек, тадбирда соҳа фахрийларининг кўп йиллик меҳнати ҳам муносиб қадрланди. Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи ўқиб эшиттирилди. Унга кўра, ички ишлар органларида хизмат қилиб, нафақага чиққан ёки хизмат даврида орттирилган касаллиги оқибатида хизматдан бўшатилган истеъфодаги ходимларнинг ҳам яшаб турган уйларидан “хизмат уйи” мақоми ечилди. Турли йилларда тизимда самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган пенсионерларга бу уйлар бепул шахсий мулк сифатида ҳадя қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, давлат томонидан кўрсатилаётган бундай улкан эътибор кўп йиллар давомида жиноятчиликка қарши курашиш ва қонунийликни мустаҳкамлашда жонбозлик кўрсатган фидойилар учун муносиб рағбатдир. Ўзининг шахсий уй-жойига ва мустаҳкам ижтимоий ҳимоясига эга бўлган ходим эртанги кунга қатъий ишонч билан, бор куч-ғайратини жамият хавфсизлигини таъминлашга қаратади. Бу каби эзгу ташаббуслар ходимлар ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлашга, уларнинг маънавий-руҳий ҳолатини кўтаришга ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати





