Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасида “Халқимиз осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида” номли янги тарихий китоб тақдимоти ўтказилди
2026-03-24 12:25:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ҳузурида барча шахсий таркиб иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилояти ички ишлар органлари тарихига бағишланган “Халқимиз осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида” номли янги китобнинг тантанали тақдимоти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимиз ички ишлар органларининг шонли тарихини асраб-авайлаш, соҳа ходимлари ва фахрийларининг келгуси авлодларга намуна бўладиган жасоратини, кўрсатган ибрат намуналарини оммалаштириш, Ватанимиз мустақиллиги ва эл-юртимиз осойишталиги йўлида азиз жонларини фидо қилган ходимларнинг хотирасини эъзозлаш ва абадийлаштириш бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан биридир. Янги нашр этилган ушбу китоб айни шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Тақдимот маросимига Ўзбекистон тарихчилар жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, доцент Ҳамраев Азалшоҳ Ҳазратович таклиф этилди. Доцент ўз маърузасида йиғилганларга асарнинг илмий ва тарихий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди. Шу билан бирга, мониторда китобнинг яратилиш тарихи ва мазмун-моҳиятига бағишланган махсус презентация намойиш этилди. Тадбир якунида тизим тарихини ёритишдаги хизматлари эътироф этилиб, ҳурматли меҳмонга миллий анъаналаримизга кўра тўн кийдирилди ва эҳтиром билан кузатиб қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу китоб-албомда Бухоро ички ишлар органларининг қадимги даврлар ва Ўрта асрлар тарихидан тортиб, то бугунги замонавий фаолиятигача бўлган ривожланиш жараёнлари илмий асосда чуқур таҳлил қилинган. Бошқарма тарихи фақат қуруқ саналар ва ҳужжатлар мажмуидан иборат эмас. Унда ҳар бир авлод вакилларининг садоқати, матонати ва фидойилиги, миллий қадриятлар ва давлат хизматининг уйғунлиги ҳаётий тажрибалар орқали ёритиб берилган.
Асарнинг асосий мақсади, ички ишлар органларининг ижтимоий аҳамияти, ҳуқуқий масъулияти ва халқ олдидаги холис ҳамда фидойи хизматини кенг оммага очиқ кўрсатиб беришдир. Ушбу китоб ўтмиш авлодлар меросини англаш, уларнинг фидойилигини эъзозлаш ҳамда келажак авлодни илҳомлантириш учун илмий-таҳлилий ва адабий жиҳатдан мукаммал манба бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати





