ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментида Наврўз байрами муносабати билан бир гуруҳ соҳа фидойилари муносиб тақдирланди
2026-03-23 14:00:00 / Янгиликлар

Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва эзгуликлар байрами сифатида юртимизда кенг нишонланади. Ушбу қутлуғ айём муносабати билан мамлакатимизда турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи ходимлар рағбатлантирилмоқда.
Жумладан, Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич ташаббуси томонидан Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментида хизмат қилаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари муносиб тақдирланди.
Тадбирда таъкидланганидек, транспорт инфратузилмалари ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш – бугунги кунда жуда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Ушбу йўналишда фаолият юритаётган ходимлар ўз хизмат бурчини виждонан адо этиб, фуқаролар тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Тақдирлаш маросимида хизматда алоҳида намуна кўрсатган, ўзининг масъулиятли ва ҳалол меҳнати билан ажралиб турган ходимларга фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари ва ташаккурномалар, хамда кўкрак нишонлари топширилди. Бу эса уларнинг келгусидаги фаолиятига янада руҳ ва илҳом бағишлади.
Шунингдек, тадбир давомида соҳа ходимларига билдирилган ишонч ва эътибор уларни янада юксак марралар сари илҳомлантириши, юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматларини янада самарали қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Наврўз байрамининг ана шундай эзгу анъаналари – инсон қадрини улуғлаш, меҳнат аҳлини эъзозлаш ва рағбатлантириш орқали жамиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
ИИВ Транспорт вa туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи







