Эҳтиром. Оналарнинг қувончи
2026-03-23 23:00:00 / Янгиликлар

Бағдод туманининг «Жалаер» маҳалласида истиқомат қилувчи Тожихон ая Долимова бу йил 73 баҳорни қарши олади. Онахон туман шифохонасида кўп йиллар ҳамшира бўлиб ишлаган. Турмуш ўртоғи Маъмуржон Долимов билан ҳамжиҳатликда 3 қиз ва 1 ўғилни муносиб тарбиялаб, вояга етказишди.
Ўғли подполковник Элбекжон Долимов 20 йилки, ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб келмоқда. Тожихон ая фарзандлари туфайли кўп ва хўп раҳматлар эшитган. Аммо бу гал Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида эшитган раҳматидан боши осмонга етиб, 10 ёшга ёшаргандек бўлди.
Байрам куни онахонга Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов номидан Миннатдорлик хати топширилди.
Фарзанд ўстириб, унинг ортидан раҳмат эшитсанг, бутун умр чеккан заҳматларинг унутилиб, чарчоқларинг чиқиб кетаркан, — дейди онахон қувончини яширолмай. — Халқига муносиб хизмат қилаётган шундай паҳлавон ўғлим борлигидан фахрланаман.
Фарғона тумани ИИБ 1-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани патруль-пост хизмати инспектори, сафдор Жаҳонгир Шокиров ҳам ўз бурчини намунали бажариб, сафдошларига ўрнак бўлиб келаётган ўғлонлар сирасига киради. Ички ишлар вазирининг Жаҳонгирнинг онаси Мавлудахон Шокирова номига йўллаган Миннатдорлик хати ҳам байрам арафасида эгасига топширилди.
Миннатдорлик хатида билдирилган самимий дил сўзларини фарзанд ўстириб, унинг камолини кўришни орзу қилган Мавлудахон ая улкан мукофот сифатида қабул қилди. Қувончи ичига сиғмай, кўрсатилган эҳтиром учун вазирлик раҳбариятига ташаккур изҳор этди.
Маълумот учун: унинг фарзанди, сафдор Жаҳонгир Шокиров ҳам 20 йилдан буён патруль-пост хизматида самарали фаолият кўрсатиб келади. Бугун тажрибали ходим сифатида ёшларга мураббийлик қилиб, касб сир-асрорларини баҳоли қудрат ўргатиб келаётгани эса таҳсинга сазовордир.
20 йилки, халқ билан ҳамнафас хизмат олиб бориб, жамоат тартибини сақлаб келаман, — дейди сафдор Жаҳонгир Шокиров. — Бугун онамнинг кўзидаги қувончни кўриб, фарзанд сифатида ғурурландим. Вазирлик раҳбариятига мингдан-минг раҳмат айтаман. Биздек оддий ходимларнинг камтарона хизматимизни қадрлаб, онамизга эҳтиром кўрсатгани учун ташаккур. Бу эҳтиромни ўзимнинг садоқатли хизматим билан, албатта, оқлайман.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
