Бухоролик фидойи ходимлар юксак эътирофга муносиб кўрилди
2026-03-23 10:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу сана бевосита халқ ичида, маҳалла ривожи ва эл-юрт осойишталиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ходимларга кўрсатилган юксак эҳтиром рамзидир.
Байрам муносабати билан Бухоро вилояти ҳокимлигида давлат мукофотлари ва эсдалик нишонларини ўз эгаларига топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов барча йиғилганларни самимий қутлаб, бугунги кунда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Наврўз байрамидаги маърузасида ҳам ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этишда маҳалла еттилиги ва фаол фуқароларнинг иштироки муҳим эканлиги алоҳида эътироф этилганлиги ёдга олинди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 мартдаги фармонига асосан бир гуруҳ юртдошларимизга давлат мукофотлари, шунингдек, кўп йиллик самарали меҳнати учун «Маҳалла ифтихори» ва «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Биз учун энг фахрли ва қалбни ғурурга тўлдирадиган жиҳати шундаки, эл-юрт тинчлиги йўлида кечаю кундуз хизмат қилаётган ҳамкасбларимиз, яъни Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимлари ҳам ушбу юксак эътирофларга муносиб кўрилди.
Жумладан, Ромитан тумани Ички ишлар бўлимининг «Қумработ» маҳалла фуқаролар йиғини профилактика катта инспектори, капитан Ахмедов Санжар Бахтиёрович Президент фармони билан «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди. Унинг маҳалладаги ҳар бир оила хотиржамлиги ва ёшлар тақдири учун ҳаловатдан кечиб қилган хизматлари, эл ишончини қозониб, инсон қадрини улуғлаш ғоясини амалда исботлагани ушбу юксак эътирофга асос бўлди.
Шунингдек, Олот тумани Ички ишлар бўлимининг «Арабхона» маҳалласи профилактика инспектори, майор Юнусов Обиджон Ганжиевич Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони билан муносиб тақдирланди.
Ҳақиқий ва садоқатли хизмат ҳеч қачон эътиборсиз қолмайди. Ушбу эътироф нафақат тақдирланган сафдошларимизнинг, балки халқ осойишталиги йўлида тунларини бедор ўтказаётган бутун Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси жамоасининг меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Бу ютуқ барча ходимлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Юксак мукофотлар муборак бўлсин, машаққатли ва шарафли хизматингизда доимо зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати






