Соҳа фидойилари. Ҳамиша сергак
2026-03-22 14:30:00 / Янгиликлар

Навбаҳор Файзиева ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятини 2019 йилда Зарафшон шаҳар Қўриқлаш бўлимида бошлаган эди. Хизматда эришган ютуқлари учун 2024 йилда «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фидойи ходими» кўкрак нишони билан тақдирланган.
Айни пайтда Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати алоҳида батальони 1-отряд сафдор ходими. У хизматни «Навоиязот» акциядорлик жамиятининг назорат постида олиб боради.
- Жамоамизда аёллар кўп эмас, аммо уларнинг ўрни алоҳида сезилиб туради. Навбаҳор ўз вазифасига жуда масъулият билан ёндашади, тартиб-интизомга қатъий риоя этади. Назорат постида хизмат қилиш ходимдан доимо эътиборли ва сергак бўлишни талаб этади. Навбаҳор қийин вазиятларда ҳам ўзини оғир-босиқ тутади. Ишчилар билан тушунтириш олиб боради, — дейди ҳамкасби, кичик сержант Обид Худойқулов.
Лавҳамиз қаҳрамонининг асосий вазифаси корхона ҳудудига кириб-чиқаётган ходимлар ва транспорт воситаларини белгиланган тартиб асосида текшириш, олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланган қурилма ва буюмларни аниқлаш ҳамда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлашдан иборат. Шу кунга қадар корхона ҳудудидан рухсатномасиз равишда эҳтиёт қисмларни олиб чиқишга бўлган кўплаб уринишларни ўз вақтида аниқлаб, тегишли тартибда расмийлаштирган. У хизмати давомида сергаклиги туфайли бирор марта ҳам корхона мол-мулкининг ноқонуний олиб чиқилишига йўл қўймаган.
Кичик сержант Навбаҳор Файзиева билимларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади. Ҳозирда Навоий Инновациялар университетида сиртдан таҳсил олиб келмоқда. Жамоадошлари уни тиришқоқлиги, интизомлилиги ва хушчақчақлиги боис ҳурмат қилишади.
Маҳлиё Холова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Навоий вилояти
