«Турмуш» тадбири. Аёл билан мустаҳкам қўрғон
2026-03-22 04:45:00 / Янгиликлар

Оққўрғон тумани ИИБ томонидан мазкур тадбирни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, туман оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳаллалар уюшмаси ҳамда диний ишлар бўйича идора вакили ҳамкорлигида барча маҳаллаларда хонадонбай ўрганишлар олиб борилмоқда. Асосий эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож, низоли ва нотинч оилалар аҳволини ўрганишга қаратилиб, аниқланган муаммолар жойида бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз.
Ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларда асосий эътибор нотинчлик ва низолар сабабларини ўрганишга қаратилмоқда. Сабаблар ўрганилгач, арзимас важлар туфайли низолашган 5 та оила яраштирилди. Фарзандлари учун алимент тўловидан бош тортган 3 нафар ота билан тушунтириш ишлари олиб борилганидан сўнг улар тўловни ўз вақтида тўлаб боришни зиммасига олишди. Эр-хотин ўртасидаги 2 та мол-мулк билан боғлик низо ўзаро келишувчилик асосида жойида бартараф этилди. Оила аъзолари томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраган 5 нафар аёлга ҳимоя ордери берилди.
Афсуски олиб борилаётган тушунтиришларга қарамасдан 126 та оила вакиллари низоларини судларда кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилишган.
Шундан 97 таси никоҳни бекор қилиш, 16 таси алимент ундириш, 6 таси уйга киритиш, 5 таси оилавий жанжал ва 2 таси оталикни белгилаш билан боғлиқ масалалардир.
Судлар аёллар ҳуқуқларини таъминлаб берар, адолатни қарор топтирар, аммо бузилган оилани адолатли қарор деб бўлмайди. Негаки бири отасиз, бошқаси онасиз қолган фарзандлар қалбидаги доғни ҳеч бир қарор кетказа олмайди. Шу боис, биз оилавий низоларни судга қадар барҳам топтиришга, унинг муқаддаслигини сақлаб қолишга, оила шаънига доғ, болажонлар қалбига яра тушмаслиги учун барча имкониятларни ишга соляпмиз.
Дилдора ФАЙЗУЛЛАЕВА, туман ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, майор.
Тошкент вилояти.
