ИИВ Бухоро академик лицейида Наврўз байрами кенг нишонланди
2026-03-21 16:40:00 / Янгиликлар

Яшариш ва янгиланиш айёми бўлмиш Наврўзи олам ИИВ Бухоро академик лицейида кўтаринки шукуҳ билан нишонланди. Тадбир аввалида Бошқарма бошлиғи ўринбосари, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи сўзга чиқиб, йиғилган устозлар, ўқувчилар ва барча меҳмонларни байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда ўзининг энг эзгу тилакларини билдирди.
Тантанали маросим лицейнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан ижро этилган жозибадор миллий куй ва қўшиқлар билан давом этди. Эл-юрт тинчлиги ва фаровонлигини тилаб Қуръон тиловат қилингач, барча иштирокчиларга баҳорий байрамларнинг асосий кўркларидан бири бўлган шифобахш ҳалим таоми тортиқ қилинди.
Байрам шодиёналари ёшлар учун ташкил этилган ажойиб концерт дастурига уланиб кетди. Унда ташриф буюрган хонандалар ўзларининг дилтортар тароналари билан йиғилганларга хушкайфият улашдилар. Шунингдек, келажак посбонлари бўлмиш лицей ўқувчилари томонидан намойиш этилган жанговар кўргазмали чиқишлар барчанинг таҳсинига сазовор бўлиб, байрамга ўзгача шижоат ва файз бағишлади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









