Туман ИИБ фаолиятидан. Маҳалла ҳамжиҳатлиги -хавфсиз ҳаёт пойдевори
2026-03-20 23:00:00 / Янгиликлар

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги 66 та маҳалланинг ҳар бири доимий эътибор марказида. Ҳудудларда олиб борилаётган профилактик ишлар натижасида жорий йил давомида 68 та жиноят фош этилишининг ўзиёқ бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини кўрсатади.
Шунингдек, тергов ва суд органларидан қочиб юрган 8 нафар шахс қўлга олинди. Бедарак йўқолган 2 нафар фуқаронинг топилиб, оиласи бағрига қайтарилгани эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги изланишлари натижаси бўлди.
Тарғибот ва тушунтириш ишлари самараси ўлароқ, оилавий келишмовчиликлар сабаб муносабатлар таранглашиб кетган 23 та оиланинг яраштирилиши, яна 46 та хонадонда юзага келган турли низоларга барҳам берилгани жамиятда бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шу билан бирга, «Тиғ» тадбири давомида 24 нафар шахс қўлга олиниб, уларнинг ёнидаги турли тиғли буюмлар олиб қўйилди. Бу эса эҳтимолий оғир жиноятларнинг олдини барвақт тўсиш имконини берди.
Албатта, бундай натижалар тасодиф эмас. Бунинг замирида ички ишлар органлари ходимлари билан жойлардаги жамоатчилик вакиллари ўртасидаги яқин ҳамкорлик ётади. Маҳаллаларда нуронийлар, жамоатчилик фаоллари ва отин-ойиларнинг иштироки кенг.
Ҳудуддаги муҳим масалалар улар билан маслаҳатлашган ҳолда ҳал этилмоқда. Айниқса, оилавий можароларни бартараф этишда уларнинг ҳаётий тажрибаси ва таъсирчан сўзи катта аҳамият касб этаётир. Профилактика инспекторларининг аҳоли орасида фаол иштирок этиши эса бу ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда.
Бу ҳолатни «Қаҳрамон» маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур ҳудуд профилактика инспектори, лейтенант Шоҳрухбек Худойбердиев гарчи ёш бўлсада, маҳалладаги ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган.
Унинг одамлар билан самимий мулоқоти, турли тадбирларда маҳалладошлар билан бирга иштирок этиши аҳолининг ишончини қозонган.
Шоҳрухбек маҳалламизнинг ҳақиқий аъзосига айланиб қолди, — дейди меҳнат фахрийси Икромжон Муталов. — Тўй бўладими ёки аза маросими, барчасида маҳалладошлар билан елкама-елка хизмат қилади. Шу боис одамлар ҳар қандай савол ёки муаммо билан унга мурожаат қилади. Натижада кўплаб масалалар маҳалланинг ўзида ҳал бўлмоқда.
Айни шу ҳамжиҳатлик туфайли ҳудудда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари деярли кузатилмайди ва маҳалла «яшил» тоифада сақланиб турибди.
Маҳалламизда 3174 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди лейтенант Шоҳрухбек Худойбердиев. — Уларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволидан доимий хабардорман. Чунки кўпинча турли муаммолар айнан шу омиллар таъсирида пайдо бўлади. Амалий кўмакка муҳтож оилаларга маҳалла еттилиги ёрдамида кўмак бериб келяпмиз.
Шу йўл билан 70 та оилани тикувчилик соҳасига йўналтириб, бандлигини таъминлашга эришдик. Маҳалламиздаги 8 та кўчанинг ҳар бирида жамоатчилик вакиллари бор. Уларни маҳалладошларнинг ўзлари сайлаган ва уларга катта ишонч билдиришади.
Бу эса тартиб-интизомни сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудда ечим талаб қиладиган масалалар ҳам бор. Масалан, ичкиликка ружу қўйган 4 нафар шахс, шунингдек, низоли 2 та оила мавжуд.
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 3 нафар фуқаро билан ҳам алоҳида тартибда иш олиб борилмоқда.
Уларнинг жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш эса бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Балиқчи туманида маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида шаклланган ҳамкорлик муҳити жиноятчиликнинг олдини олишда самарали механизмга айланмоқда.
Инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик, муаммоларни жойида ҳал этиш, аҳоли билан ишончли мулоқот ўрнатиш — мана шу тамойиллар ҳудудда барқарорликни таъминлашнинг энг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Саминжон Ҳусанзода, Андижон вилояти.
