Қўшқанотлар. Офицерлар оиласи
2026-03-19 13:40:00 / Янгиликлар

Моҳинур эндигина 14 ёшга қадам қўйди. Ўтган йилиёқ инглиз тилидан Б2 сертификатини юқори балл билан қўлга киритди. Тарих, адабиёт, география каби фанлардан чуқур билимга эга. Феъли ҳам оғир-босиқ, жиддий. Шу боис синф раҳбари унинг «Келажакда ички ишлар органи ходими бўламан» деган ниятини жуда тўғри қарор деб баҳолади. Чунки у шундай муҳитда улғаймоқда. Отаси — подполковник Исроил Жуманов ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Жиззах вилояти бўйича Махсус отряди бош мутахассиси. Онаси — Дилноза Жуманова вилоят ИИБ Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика хизмати ҳуқуқий статистика маркази катта инспектори, унвони капитан.
Ота-она тўрт фарзанднинг тўнғичи бўлган Моҳинурдаги қатъият сабаб унинг терговчи бўлишига ишонч билдиришади. Отажон ва Исломжон эса мактабда аъло баҳоларга ўқиш баробарида, эркин кураш ва таэквондо билан шуғулланади. Улар ҳам ота- онаси изидан кетишмоқчи. Кенжа қиз — Азизахон эса шифокорликка қизиқади.
Мутолаа — болаларнинг севимли машғулоти. Исроил Жуманов ҳар маошидан фарзандлари учун китоб харид қилади ва ўқишларини рағбатлантиради. Асли унинг онаси Улбозор опа китобсевар аёл, шу феъли ўғлига, невараларига ўтган. «Кўп китоб ўқиш менга Мульти Левел имтиҳонида гапириш ва ёзиш кўникмасидан юқори балл олишимга ёрдам берди», дейди Моҳинур.
Албатта, фарзанд улғайтириш осон эмас. Дилноза опа баъзан касб тақозоси туфайли фарзандлари билан одатдагидан камроқ вақт ўтказиши мумкин. Аммо бахтини касбидан топган аёл фарзандларини улғайтиришда ҳам аҳил ва меҳрибон жамоасининг ёрдами катта бўлганини яширмайди.
Дилноза Жуманованинг бу касбга қизиқишида отасининг яқин дўсти, подполковник Сағдулла Избосаровнинг таъсири катта бўлган. Шу боис олийгоҳни тамомлагач, хизмат фаолиятини Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида катта иш юритувчи лавозимида бошлади. Шунга ҳам 20 йил бўлди. 2019 йилда хотин-қизлар инспектори штати жорий этилгач, хизматини давом эттирди. Ҳозирги вазифасида 2024 йилдан бу- ён ишлаб келмоқда. Хизмати давомида ИИВ ва вилоят ИИБ томонидан бир неча бор кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар, пул мукофотлари билан тақдирланган.
Исроил Жуманов Тошкент Олий ҳарбий-техник билим юртини тамомлаган. Ички ишлар органларида 1999 йил август ойидан буён хизмат қилиб келади. Дастлаб вилоят ИИБ Алоқа бўлими тезкор алоқа тармоғи муҳандиси бўлиб хизмат қилди. 2006 йил февраль ойидан буён ҳозирги лавозимида. Унинг хизмат фаолияти ҳам кўп бор эътироф этилган. Улар ўз бахтини, ҳаётда ўз ўринларини топишга сабаб бўлган касбларидан ниҳоятда мамнун.
...Ҳар тонг Жумановлар яшайдиган хонадон деразаларидан қуёшнинг заррин нурлари янги куннинг илиқ нафасини олиб келар экан, уйда ҳаёт яна жонланади. Ота-она юрт хизмати сари шошади, фарзандлар эса уларнинг муносиб давомчиси бўлиш орзусида мактаб томон ошиқадилар. Бу оиланинг орзу-мақсадлари ҳам бошқа оилаларники каби содда ва улуғ — тинч ва озод юртда бахтли яшаш, фарзандларнинг ёруғ келажагини кўриш...
Муқаддас Сапарова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Жиззах вилояти
