Тошкент вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида хизматолди йўриқнома ўтказилди
2026-03-19 12:50:00 / Янгиликлар

Видеоселектор тарзида ташкил этилган хизматолди йўриқномасида марказий студиядан Тошкент вилояти ҳокими, ДХХ, Прокуратура, вилоят ИИББ, ФВББ, Миллий гвардия, солиқ бошқармаси раҳбарлари ҳамда бошқа тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, шаҳар ва туман студияларидан мазкур ташкилотларнинг масъуллари қатнашди.
Унда вилоят ҳудудида жорий йилдаги Рамазон ҳайити, шунингдек, «Наврўз» умумхалқ байрамини муносиб ва юксак савияда ўтказиш, байрам тадбирлари давомида фуқаролар тинчлиги, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида байрам кунларида аҳоли гавжум бўладиган ҳудудларда хавфсизлик чораларини кучайтириш, жамоат жойларида осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, масъул хизматлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан Рамазон ҳайити ва «Наврўз» байрамлари кунларида фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати



