Бухорода «Хавфсиз кўча» ва «Хавфсиз йўлак» тизими асосида ободонлаштириш ишлари ва Наврўз тадбирлари хавфсизлиги таъминланмоқда
2026-03-19 12:50:00 / Янгиликлар

«Хавфсиз кўча» ва «Хавфсиз йўлак» тамойиллари асосида Бухоро шаҳрини замонавийлаштириш, инфратузилмани янгилаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Марказий кўчаларда бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш, қурилиш сифати ва шаҳарсозлик нормаларига риоя этилиши ўрганилиб, савдо ва маъмурий объектлар атрофининг тозалиги ҳамда тунги ёритиш тизимларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулкий хавфсизликни таъминлаш мақсадида тадбиркорларга видеокузатув камераларини ўрнатиш, уларни марказлашган тизимга улаш ва биноларни қўриқлаш хизматига топшириш бўйича топшириқлар берилди. Бу чора-тадбирлар «Хавфсиз кўча» ва «Хавфсиз йўлак» тизимини тўлақонли жорий этишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуасида Наврўз байрами олдидан жамоат хавфсизлиги бўйича хизматолди йўриқномаси ўтказилди. Унда ходимларга қатъий тартиб-интизомга риоя қилиш, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш ва хизматни масъулият билан олиб бориш зарурлиги уқтирилди.
Вилоят ҳокими тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларни кўздан кечириб, хавфсизликни таъминлаш ва фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Амалга оширилаётган ишлар шаҳарни янада обод қилиш ва аҳолининг тинч, хавфсиз ҳаётини таъминлашга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



